Жума кунги зилзила оқибатида Мянманинг ўзида 1644 киши ҳалок бўлиб, 3408 киши жароҳатлангани тасдиқланди. Бу ҳақда мамлакатни 2021 йилдан буён бошқариб келаётган ҳарбий хунта маълум қилган. Яна 139 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Таиланддан келаётган хабарлар ҳам янгилаб борилмоқда: Бангкок муниципалитети 30 март куни эрталаб ҳолатига 17 киши ўлими рўйхатга олинган, 42 киши жароҳатланган, 80 га яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани ҳақида маълумот берган.
Харобалар тозаланиши давомида қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиб бориши кутилмоқда.
Мянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайдаги қутқарувчилар гуруҳи BBC Бирма хизмати мухбирига «етказилган талафот улкан» эканини маълум қилган. Қутқарувчилар кўплаб афтершокларга қарамай тунда ҳам ишлашда давом этишган.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотига кўра, биринчи, кучлироқ зилзила жума куни тушдан кейин Мянманинг марказий қисмида, маҳаллий вақт билан 28 март куни соат 12:50 атрофида содир бўлган. Зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган.
Тахминан 12 дақиқадан сўнг иккинчи зилзила содир бўлган.

Зилзила эпимаркази Сагайн шаҳридан 16 км шимоли-ғарбда, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай шаҳри яқинида жойлашган. Унинг аҳолиси 1,2 млн киши чиқади.
Бу ҳудуд Мянма пойтахти Нейпидодан тахминан 100 км шимолда жойлашган. AFP агентлигининг Нейпидодаги журналистлари маълум қилишича, кучли ерости силкинишлари оқибатида йўллар ёрилиб кетган, бинолар шифтидан сувоқлар тўкилиб тушган.
Ерости силкинишлари Таиланд ва Хитойда ҳам сезилган.

«Жабрланувчилар кўпайиб бормоқда, аммо бизда шифокор ва ҳамширалар етарли эмас», — деган доктор Чжо Зин журналистларга.
Қутқарувчилардан бири Мандалайдаги «биноларнинг кўпчилиги қулаб тушгани»ни айтган.
«Биз қутқарув амалиётини бошлаганимизда Мандалайнинг кўриниши қўрқинчли эди. Одамлар кўчалар бўйлаб чопар, бақирар ва йиғлашарди», — дейди қутқарувчи вазиятни тасвирлаб.
«Биз одамларни харобалар остидан чиқариб олмоқдамиз. Мандалайдаги асосий ҳоспитал тўлиб-тошган», — дея ҳикоя қилади у. Унинг сўзларига кўра, зилзиладан жабрланганларнинг кўпчилигида юрак хуружи ҳам рўй берган.



















