Электрон сигареталарни тақиқлаган Сенат, маҳаллаларда бошланаётган раислик сайловлари, Дилфуза Исмоиловани чув туширган фирибгар устидан суд ва маст ҳолда авто олиб қочиб ишдан олинган судя — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Маҳалла раислари сайлови бошланади
1 майдан Ўзбекистон бўйлаб маҳалла раисларини сайлаш жараёни старт олади. У 9 минг 452 та маҳаллада ўтказилиб, июл ойигача давом этади.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси маълумотига кўра, ҳар бир сайлов участкасида кун, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтда эълон қилинади. Жорий сайловларда 208 та туман ва шаҳардаги кўмаклашувчи комиссиялар қарорига асосан, вакиллар сони аниқланган.
Сайловлар «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ ўтказилади. Бундан буёғига маҳалла раиси ҳам 5 йил муддатга сайланади.
Май-июл ойларида бўлиб ўтадиган бу сайловларда 2 млн 591 823 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда.
Турагентлик билан лицензиясиз шуғулланиш мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси турагентлик фаолиятини соддалаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Энди туризм агентликлари лицензия олмасдан ўз фаолиятини бошлаши мумкин.
Қонунга мувофиқ, турагентлик фаолиятини бошлаган ёки тугатганлик ҳақида Давлат хизматлари агентлигига фақат хабарнома юборишнинг ўзи етарли бўлади. Бу шу соҳада иш бошламоқчи бўлиб турган тадбиркорлар учун катта енгиллик ҳисобланади.
Қонун билан жами 13 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинмоқда. Яна 3 турдаги лицензия хабарнома тартибига ўтказилади.
Ҳужжат лицензиялаш соҳасидаги бюрократияни камайтириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган. Энди лойиҳа Сенат кўриб чиқиши ва президент томонидан имзоланиши керак.
Дилфуза Исмоиловани чув туширган аёл қамалди
Хонанда Дилфуза Исмоиловани 80 минг долларга чув туширган аёл озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукми кеча, 29 апрел куни Тошкентда ўқилди.
55 ёшли М.Ж. ўзини цитрус мевалар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида кўрсатиб, хонанданинг ишончига кирган ва пул талаб қилган. Улар «фойдани бўлишиш»га келишган, аммо аёл пулни ўзлаштирган.








