Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларига эга бўлади, Россиядаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди, Aviator’даги ёнғиндан кейин Тошкентда савдо марказлари хавфсизлиги текшириладиган бўлди. Куннинг шу ва бошқа муҳим хабарлари билан Кун тафсилоти дастурида таништирамиз.

Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларига эга бўлади

Бразилиянинг Embraer компанияси 3 феврал куни Сингапурдаги авиасалонда Ўзбекистон Республикаси C-390 Millennium транспорт самолётининг буюртмачиси эканини эълон қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларидан асосан транспорт ва гуманитар миссияларда фойдаланади ва ушбу самолётни эксплуатация қиладиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланади.

XXI асрда лойиҳалаштирилган C-390 Millennium ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий транспорт самолёти бўлиб, бошқа ўрта ўлчамли ҳарбий транспорт самолётларига қараганда кўпроқ фойдали юкни (26 тонна) кўтара олади, тезроқ (470 узел) ва узоқ масофаларга уча олади.

Россиядаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди

Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Алвон елканлар” (“Алые паруса”) байрамига борганлар сафида Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамовнинг 2014 йилда туғилган ўғли ва 2011 йилда туғилган жияни ҳам бўлган. Шунингдек, бошқарманинг айрим бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фарзандлари ҳам мазкур сафарда иштирок этгани айтилмоқда. Манбага кўра, бу ўқувчиларнинг бирортаси халқаро фан олимпиадаларида иштирок этмаган, ҳатто айримлари туман ёки шаҳар босқичида ҳам қатнашмаган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган изоҳга кўра, айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти вақтида тайёр бўлмаган ва айримларининг ота-оналари сафарга рухсат бермагани сабабли рўйхат ўзгартирилган. Бошқарма ўқувчилар орасида бошлиқнинг ўғли ва жияни ҳам бўлганига муносабат билдирмади.