Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги мактабда 10-синф ўқувчиси бўлган қиз вафот этди. Таъкидланишича, ўқувчи кучли стресс оқибатида ҳосил бўлган тромб сабабли дунёдан кўз юмган. Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини қайтариш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди. Тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш бўйича 1 ой муҳлат берилади. Темирйўл ва метрода хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жарималар белгиланди. Икки ўзбек гроссмейстери мукофот пуллари бўйича дунё ўнталигига кирди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Олмалиқдаги мактабда 10-синф ўқувчиси вафот этди
Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактабда 10-синф ўқувчиси бўлган қиз вафот этди. Sukut Saqlama (NeMolchi.uz) лойиҳасининг таъкидлашича, ўқувчи кучли стресс оқибатида ҳосил бўлган тромб сабабли дунёдан кўз юмган.
Стрессга ички ишлар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилиш сабаб бўлгани айтилмоқда. Ушбу йиғилишни мактаб ота-оналар қўмитаси вакили бошқа бир ўқувчи қизни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил қилган. Хонада асосан эркаклар бўлган. Қиз суҳбатга чақирилганда жуда кучли стрессни бошидан ўтказгани таъкидланмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини қайтариш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди
Меҳнат миграциясида вафот этган шахснинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси томонидан қопланади. Бу ҳақда «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунга қўшимча норма 7 феврал куни киритилди.
Унга кўра, меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини олиб келишни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар энди Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Маблағлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади.








