Апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди, унда буюк саркарда таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича кенг миқёсда тадбирлар ўтказилади. Сенатор Абдусаид Кўчимов Олий Мажлис Сенати йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди. 1 феврал ҳолатига кўра, мамлакатда ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 мингдан ошди. Хорижий инвесторлар кенгаши ишчи гуруҳи йиғилишида венчур ва хусусий капитал учун замонавий ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган «Муқобил инвестиция фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди

Президент қарорига кўра, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича кенг миқёсда тадбирлар ўтказилади.

Қарор билан ҳар йили апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди, унинг доирасида таълим муассасалари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар ҳамда бадиий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилган. Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланиб, унда халқаро илмий конференция ўтказиш, «Темур тузуклари» асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш каби чоралар белгиланди.

«Акиллаган лайчалар». Сенатор империяпараст чиқишларга муносабат билдирди

Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди.

Сенатор ўз нутқида халқаро вазиятга тўхталиб, «дунёда бир-биридан чигил тугунлар кўпайиб бораётгани, улар орасидан бамисоли бомба кўмилган майдонда юргандек юриш нақадар оғирлиги, дунёнинг бугунги қоидалари кескин ўзгариб бораётгани, зўравон сиёсатчилар, айрим зўравон арбоблар, бамисоли муз устида рақс тушаётган раққосалар сингари бир дақиқадан кейин қайси томонга бурилишини, қайси томонга шох ташлашини ҳеч ким билмайдиган бир замонда юриш, бу ҳеч биримизни бир дақиқа ҳам хотиржам бўлишга йўл қўймаслиги»ни таъкидлади.