Адлия вазирлиги Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош маслаҳатчиси Мусохон Меҳмоновнинг таъкидлашича, E-Huquqshunos электрон тизимини жорий этилгунча бўлган даврда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик тусдаги ҳужжатларни қайта ишлаш, уларга ҳуқуқий хулоса тайёрлаш, талабнома ва даъво аризаларини юритиш каби жараёнлари мувофиқлаштирувчи яхлит платформа мавжуд бўлмаган. Бу эса юридик хизматлар ходимлари томонидан амалга оширилган ишларни етарлича баҳолаш, ходимлар фаолиятини таҳлил қилишга имкон бермаган.

“Давлат органлари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар лойиҳаларини иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, республика миқёсида ҳуқуқни бир хил қўллаш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Шу мақсадда давлат органи ва ташкилотларида юрисконсульт лавозими, юридик хизматлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бироқ, турли объектив ва субъектив омиллар давлат органлари ва ташкилотларининг туман даражасидаги бўлинмаларига талаб даражасида юридик хизмат кўрсатиш имконини бермади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сонли қарори қабул қилиниши ортидан юқоридаги муаммо ўз ечимини топди. Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

Бу эса қуйи бўғиндаги давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва профессионал ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, иш юритувидаги ҳужжатларни бирхиллаштириш имконини берди. Бундан ташқари, шу пайтгача юридик хизмат билан таъминланмаган 21 мингдан ортиқ давлат органи ва ташкилотининг туман (шаҳар) бўлинмалари, давлат умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалари қамраб олинди”, дейди Мусохон Меҳмонов.

Бугунги кунда давлат идораларининг ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнлари “E-huquqshunos” электрон тизими орқали амалга оширилмоқда. Натижада юридик хизмат кўрсатиладиган қуйи бўғиндаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш амалиёти шакллантирилди.