Битта имзо учун раҳбарни кутиш замони ўтди. Бугун бу жараённи онлайн амалга ошириш мумкин. Бу имкониятни мамлакат бўйлаб жорий этиб келаётган Unicon Soft компанияси — Ўзбекистондаги электрон ҳукумат тизимининг асосий драйверларидан бири.

Бугунги кунда давлат органлари ўртасидаги ҳужжат алмашинуви рақамлаштирилиши натижасида топшириқлар ижроси устидан назорат таъминланди, давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги ошди ҳамда меҳнат интизоми таъминланди, энг муҳими, давлат хизматларининг электронлашиши натижасида фуқароларининг оғири енгил, мушкули осон бўлди.

Масалан, яқин ўтмишда судга мурожаат қилган фуқаролар суд мажлиси қайси санага белгиланиши, суд ишига қайси судья раислик қилишини суд кунига қадар билолмасди. Бугун суд қарорини олиш, кўриш учун бориш шарт эмас. 2017 йилда ташкил топган Unicon Soft МЧЖ томонидан яратилган судларни рақамлаштириш ва одил судловни таъминлашга қаратилган миллий платформа — “Адолат” ахборот тизимлари комплекси бугунги кунда бу жараёнлар шаффофлашди.

“Судлар фаолиятини рақамлаштиришда катта натижаларга эришдик. Яъни, фуқароларнинг судга мурожаат қилишлари, тўловларни ҳам рақамлашганлиги, фуқаролар томонидан берилган аризаларнинг онлайн ҳолатини кўриб туриш, яъни аризаси қай ҳолатда. Суд мажлиси жараёнлари қайси кунга белгиланди, судни қайси судья олиб бориши... Бундан жуда ҳам кўп фуқароларга қулайликлар ва имкониятлар яратилди”, — дейди Unicon Soft МЧЖ бош директори Умид Усманов.

“Адолат” ахборот тизимлари комплекси

“Илгари судга мурожаат қилиш бироз мураккаброқ, даҳмазаси кўп жараён бўлганини кўпчилик яхши эсласа керак. Масалан, Самарқанддаги даъвогар Тошкентдаги жавобгарнинг устидан судга ариза топширмоқчи. Мазкур иш бўйича гувоҳ эса Фарғонада яшайди. Иш судга ошгудек бўлса, уларнинг ҳаммасини битта жойга жамлаш керак бўларди.

Ҳозир эса компаниямиз томонидан ишлаб чиқилган “Адолат” платформасида уларнинг барчасини онлайн тўплаш имконияти бор. Бундан ташқари, тизимда ўтмишда бўлиб ўтган бир хил мазмундаги ишларнинг базаси ҳам шакллантирилган бўлиб, бу суд хизматчиларининг ишларини ҳам, мурожаатчиларнинг даъвосини кўриб чиқилишини ҳам осонлаштирмоқда, тезлаштирмоқда.

2016 йилдан бошлаб ишлаб чиқарила бошланган бу лойиҳанинг ҳозирга қадар бир қанча версияси ишлаб чиқилди. Чунки қайсидир йилга келиб қонунчилик такомиллаштирилди, баъзи судлар қўшилиши ёки бўлиниши ҳисобига тизимни мунтазам такомиллаштиришга тўғри келди. Мана, ҳозирги кунда мазкур платформа суд фаолияти шаффофлигини таъминламоқда”, — дейди Unicon Soft компанияси кузатув кенгаши раиси Шерзод Ҳабибуллаев.