Ассалому алайкум. Бугун 25 май, якшанба. Бу санани барчамиз энтикиш билан эслаймиз. Ҳаммамиз мана шу санада жонажон мактабимиз билан хайрлашганмиз. Ишонинг, ўшанда мактабдан қутулдим, деб хурсанд бўлган синфдошингиз ҳам кейинчалик ортиқ мактаб ўқувчиси эмаслигини ҳис қилиб, юрагида нималардир узилган. Кўпчилигингиз яна бир марта дарсдан кейинги навбатчиликда қолиб синфхонангиз полини артиш учун кўп нарсангизни беришга тайёр бўлсангиз керак.

Кеча юртимиздаги мактабларда сўнгги қўнғироқ чалиниб, яна минглаб ўғил-қизлар умрнинг энг бахтли онларидан аста-секин шафқатсиз, курашларга, чақирувларга бой катта ҳаёт томон қадам ташлади. Уларга бир нарса демоқчиман: ҳаётнинг бу онларидан завқланинг, бу дамлар ортиқ қайтиб келмайди. Форест Гамп айтганидай, ҳаёт конфет қутисига ўхшайди, сенга қандай қиёмли конфет тушишини асло билолмайсан.

Биз баҳорнинг охирги якшанбасида доимгидек дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни ёдга оламиз. Бу ҳафта қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Шу учун дайжестимиз ўзига хос сиёсий комбо шаклида бўлади.

Путин ва Трамп суҳбати

Ҳафта давомида Россия президенти Путин ва АҚШ президенти Трамп яна телефон орқали гаплашди. Энди бир гапни ишонч билан айтаверсак бўлади: бу икки одамнинг телефонда гаплашиши ортиқ ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Энди уруш бошланиши олдидан Путинга жуда кўп қўнғироқ қилган Макрон ҳақида мэмларга бемалол Трампни тасвирласа ҳам бўлаверади. Чунки Трамп Путинга қўнғироқ қилгач кўпи билан Россия ва АҚШ ўртасида ҳоккей ўйини ўтказишга келиша оляпти холос. Ҳали ўша ўйинни ҳам эплаб ўтказа олишгани йўқ. Шу сабаб биз бу кераксиз телефон суҳбати тафсилотларига тўхталиб ўтирмай, уни шунчаки бир факт сифатида эслаб ўтиб кетамиз. Бу суҳбат ортиғига арзимайди...

Россиянинг Киевга ҳужуми

Ҳафта охирида Россия армияси Киев бўйлаб йирик ҳаво ҳужуми амалга оширди. Айниқса 24 майга ўтар кечаси Украина пойтахти учун жуда ҳалокатли кечди. Аввалроқ Россия камикадзе дронлари дастурини янгилагани, бу Украина ҳимоя тизимлари учун муаммо туғдириши айтилганди, чиндан шундай бўлиб чиқди, Shaheed дронлари кўп вайронгарчиликлар келтириб чиқарди.

Биргина 23 май тунида Россия Украина бўйлаб 250 та зарбдор дронлар билан ҳужум қилди. Етмаганига 14 та «Искандер-М» баллистик ракетаси учирди. Ҳужумнинг асосий нишони Киев бўлди.

Бу зарбалар Россия ва Украина тўғридан тўғри музокара бошлагани фонида содир бўлди. Киевга берилган зарба билан Россия урушни тугатиш нияти йўқлигини навбатдаги марта кўрсатди. Бу гал Трамп «Vladimir, STOP» деб пост ҳам ёзмади...