АҚШ Россиядан дизел олади

Доналд Трамп АҚШ Россиядан дизел сотиб олиши бўйича келишувга эришди. Президент Трамп россиялик ҳамкасби Путин билан ўнлаб маротаба телефонда гаплашди, бир марта юзма-юз учрашди, дўсти ва куёвини Кремлга юборди, лекин урушни тугатиш бўйича ҳеч қандай келишувга эришмади. Жума куни эса бизнес масаласи муҳокама қилинган биринчи телефон суҳбатидаёқ Путин билан келишди, тадбиркор ахир!

Россия Америка ва дунё бозорига 300 минг тонна дизел чиқаради. Ноябр ойи давомида яна 500 минг тонна, ундан кейин яна 1 миллион тонна дизел сотади. «Ҳўрмузни тўлиқ назорат қилаётганимиз ва Россия билан эришилган бу келишув эвазига дунёда дизел нархи тушади», деб мақтанди Трамп.

Украина президенти Володимир Зеленский бу ҳолатга жуда ўринли изоҳ берди: «Россияга дизел сотиш имконини бериш бу – урушга инвестиция дегани». Чиндан шунақа. Чунки Россия энергоресурслардан келадиган пулни урушга сарфлашини яшириб ҳам ўтираётгани йўқ.

Бу келишувни Украина жуда ёмон қаршилади. Трамп ва Путин ўртасидаги келишувдан кейин Киев Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни давом эттирди. Тунда Ростовдаги завод ҳужумга учрагани айтилмоқда. Бу келишув Зеленский Россия нефт заводларига зарба беришни тўхтатишни рад этгани билан боғлиқ. Трамп бир неча марта дунёда дизел нархи ошишида Зеленскийни айблаб чиққанди. Украина Россия нефт иншоотларини қонуний ҳарбий нишон деб билади ва улардан келадиган пул урушга йўналтирилади деб ҳисоблаб, бир неча йилдан бери нефт заводларига ҳужум қилиб келади.

Трамп иккинчи муддатга киришганидан кейин урушни тугатишнинг энг осон йўли Украинага босим қилиш деб ҳисоблаб, Зеленскийни урушни бошлашда айблаганди. Кейинроқ унинг қарашлари ўзгариб борди. Энди яна биринчи режага қайтган кўринади. АҚШ дунёдаги энг катта нефт захирасига эга Венесуэла қора олтини «устига ўтириб олган» бир вақтда Россиядан солярка сотиб олишини бошқача изоҳлаб бўлмайди.

Саудияга ҳужум

Яман ҳусийчилари Саудияга ҳужумни давом эттирмоқда. Пойтахт Ар-Риёддаги халқаро аэропортга амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида уч киши, хусусан, самолёт учувчиси ҳалок бўлган. Ҳужум вақтида Саудия пойтахтида ишлаётан халқаро дипломатлар хавфсиз жойга яширинишга мажбур бўлган. Бир нечта рейслар кечиккан, баъзилари бекор қилинган. Уриб туширилган ракета парчалари болалар боғчаси ва тиббиёт бирлашмаси ҳудудига тушган.

Саудия фуқаролари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни камдан кам ҳолларда тан олиб, эълон қилади. Бу гал шундай бўлди. Бироқ Саудия томони ҳусийчиларга жавоб бергани йўқ.