Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроилнинг Ғазода «ҳуманитар ниқоби»

АҚШ таклиф қилган сулҳни қабул қилган ва Ҳамасдан жавоб кутаётган Исроил Ғазо секторига зарба беришни тўхтатмаяпти. Хусусан, 30 май куни эрталабдан Исроил армияси уюштирган ҳужумлар натижасида секторда камида 39 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, сектор шимолидаги Жабалия ҳудудида бир оиланинг уйига уюштирилган ҳужум оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар жароҳат олди. Исроил армияси Жабалия ҳудудида одамлар тўпланган икки маҳаллага ҳам зарба берди — бунинг натижасида 5 киши ҳалок бўлди, яраланганлар сони ҳам кўп.

Хон-Юнус шаҳридаги кўчирилганлар яшаган чодирга қилинган ҳужумда эса яна 13 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бундан ташқари, Исроил армияси Рафаҳда ёрдам олиш мақсадида тўпланган тинч аҳолига қарата ўт очган — 1 киши ҳалок бўлди.

Ғазодаги босқинчилик урушидан тўхтамаётган Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 22 та янги яҳудий аҳоли пунктини қуриш режасини эълон қилди. Исроил Хавфсизлик кенгаши ушбу қарорни маъқуллаган.

БМТ вакили Исроилнинг ҳаракатларини Ғазода «ҳуманитар ниқоб» деб атади:

«Бу Ғазодаги ваҳшийликларни яшириш, бомбардимон остидаги одамларнинг аҳволини ўзгартирмаслик ва фаластинликларни тириклайин куйдиришга қаратилган стратегиядир. Сўнгги соатларда Ғазодан келаётган даҳшатли суратлар ва видеолар бу тизим қандай ишлаётганини, Исроил армиясининг қуролсиз тинч фаластинликларга қарата қандай ўт очаётганини кўрсатмоқда. Кўриниб турибдики, Исроил ҳаракатларининг чеки йўқ.

Ойлар давомида аҳолига очарчилик қилиниб, улар овқат сўраганда уларга қарата ўт очиш — бу мутлақ шафқатсизликдир. Исроил болалар ва тинч аҳолининг ўлимини оқламоқчи бўлаётган пайтда санкциялар вақти келди. Ҳаётларни сақлаб қолиш учун вақт тугамоқда», — дея баёнот берди БМТнинг Фаластинга оид махсус маърузачиси Франсеска Албанесе.

У дунё давлатларини яна бир бор Исроилга нисбатан тўлиқ қурол эмбаргосини жорий қилиш ва савдо алоқаларини тўхтатишга чақирди.

Келлог: Россиянинг НАТО кенгайиши ҳақидаги хавотирлари «адолатли»

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ABC News телеканалига берган интервюсида Россиянинг НАТО шарқда кенгайиши борасидаги хавотирларини «адолатли», деди.