Шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг сўзларига кўра, президент қаҳрамонларча ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовнинг вояга етмаган фарзандларини ўқитиш, ишли қилиш топшириғини берган. Kun.uz мухбирининг: “Воқеага президент эътибор қаратмагунча нега шаҳар ҳокимлиги сукут сақлади?” деган саволига ҳоким оиланинг ҳолидан хабар олингани, лекин бу ҳақда ОАВга маълумот берилмаганини айтди.
5 май куни Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида оқиб кетаётган икки қизалоқни қутқариб қолган Абдуманноп Самиқов (марҳум) ва Нурмуҳаммад Мамасалиев Ўзбекистон президентининг фармони асосида “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Медалларни марҳум Самиқовнинг яқинларига ва Мамасалиевга 3 июн куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ҳоким Шавкат Умрзоқов ва фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зупаров топширди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Пойтахт ҳокими Умрзоқов тадбирдаги нутқида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовнинг яқинларига давлат раҳбарининг таъзиясини етказди, шунингдек, ўзи ва шаҳар депутатлари номидан ҳамдардлик билдирди.
“Ўйлайманки, бу воқеа китобларда ёзилади; мактабларда, институтларда инсон қанақа бўлиши керак деганда ҳали кўп марта намуна сифатида кўрсатилади. Ҳаммамиз учун аянчли ҳолат. Ҳурматли президентимиз менга топшириқ бериб: “Менинг номимдан ҳамдардлик билдиргин, учта вояга етмаган фарзанд – менинг фарзандларим, сен ўзинг уларни ўқитасан, ишли-жойли қиласан” деб айтдилар. Шунинг учун, туман ҳокими билан биргаликда, улар энди бизнинг фарзандларимиз. Мактабдаги ўқиши бўладими, керак бўлса репетиторга бериб, шу инсон фарзанди ким бўлишини хоҳлаган бўлса, шунақа қилиб тарбиялаб, оталиққа олиб, ўстирамиз. У инсонга биз лойиқ бўлайлик.
Ишонинг, мен шахсан ҳоким сифатида ёнингизда тураман. Президентимизнинг хоҳишлари шу.
Тўғриси, қаттиқ ҳаяжондаман. Бу воқеани эшитган кунимдан бери, ишонинг, мен ёлғон гапирмайман... Биз ўзимизга тегишли жуда қаттиқ хулоса чиқардик. Қурилиш жараёнидаги камчиликларни текширишяпти”, – деди Умрзоқов.

Пойтахт ҳокими қизларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган Бўрижар спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиевга юзланиб, унга миннатдорчилик билдирди.
















