Тошкентдаги Бўрижар каналида оқиб кетаётган қизни қутқарган эркак чўкиб кетди. Минглаб дарахтларнинг кесилиши ва хавфсизлик талабларининг бажарилмаслиги билан кечган ободонлаштириш ишлари ортидан канал қирғоқлари хавфли бўлиб қолган. Лойиҳа аввалбошдан ёпиқ қарор асосида бошланиб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.

Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналининг икки қирғоғини реконструкция қилиш ишлари хавфсизлик талабларига риоя этмаган ҳолда олиб борилгани, канал қирғоқларидаги минглаб дарахтлар кесиб ташлангани 5 май куни фожиага олиб келди.

Соат 18:00 ларда каналнинг Белариқ маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмида (“Ўзбекфилм”нинг орқа томони) болаларни қутқариш учун сувга тушган 43 ёшли эркак чўкиб кетди.

Яқинларининг Kun.uz'га айтишича, марҳум Абдуманноп Самиқов сузишни яхши билган, лекин қирғоқ бўйида дарахтлар қолмагани, уларнинг ўрнини сирпанчиқ бетон эгаллагани, қирғоқнинг муайян масофаларида фавқулодда ҳолатларга мўлжалланган жойлар ташкил этилмагани фожиага сабаб бўлган.

Ўтган йили кузда бошланган реконструкция давомида хавфсизлик таъминланиши учун канал ёқалари тўсиб қўйилмаган. Натижада 7-8 ёшлардаги икки қиз канал қирғоғига тушган, улардан бири оёғини ҳўллаётган маҳал сирпаниб сувга тушиб кетган. Оқим қизалоқни канал ўртасига олиб кетган. Ёнидаги қиз ёрдам бермоқчи бўлиб, ўзини сувга ташлаган, лекин у қирғоқ бўйлаб оқиб борган.

Болаларнинг қичқириқларини эшитган, шу яқин атрофда яшовчи Даря Грапиненкова ўзини сувга ташлаган қизни тинчлантириб, қўлига хода берган, лекин бетонлашган канал жуда сирпанчиқ экани ва бошқа ноқулайликлар сабаб, қизлар каналда оқиб кетаверишган. Оқим билан кетаётган биринчи қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун марҳум Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаган.

Ҳолат қандай содир бўлганини унинг ўгай ўғли Саидакбар Абдувалиев сўзлаб берди.

Қизни каналнинг ўртасидан четига олиб чиқдилар. Уларга ёрдамлашиш учун қирғоқдаги таёқ, ёғочларни узата бошладим, ўхшамади. Кейин “арқон бер” дедилар, Сув оқими яхшигина кучли, ҳозир уйга кириб арқонни қидиргунимча , улар яна оқиб кетаверарди. Дадамнинг ҳолларини кўрдим, ҳолсизланиб кетди. Кейин каналга ўзимни отдим. Қизни олдим. Шунақа хаёл ўтяпти, қизни мен олсам, чарчаб қолсам дадамларга бераман, алмашиб-алмашиб чиқиб оламиз деган фикрда эдим. Бетон юзаси жуда сирпанчиқ. Кейин қўшнимиз Саша худди дадамга рейка узатганим каби ёрдам беришни бошлади, ўхшамади, кейин йўлдан битта тўнкани сувга отди. Биз тўнканинг устига чиқдик, охирги марта дадамни шу ерда кўрдим”, –