Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Ли Чжэ Мённи лавозимга сайлангани билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди.

Давлат раҳбари мактубда Ли Чжэ Мён раҳбарлигида Корея Республикасининг интеллектуал ва иқтисодий қудрати янада ўсишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

«Биз Корея Республикаси билан дўстона ва кенг қамровли алоқаларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аминманки, сизнинг президентлик даврингизда алоҳида стратегик шериклик муносабатларимиз барча устувор соҳаларда жадал ривожланади», дейилади мактубда.

Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ли Чжэ Мённи Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Мухолиф «Тобуро» демократик партияси номзоди Ли Чжэ Мён 3 июнь куни Жанубий Кореянинг янги президентига айланди. Бюллетенларнинг 97 фоизи ҳисоб-китобларига кўра, Ли Чжэ Мёнга фуқароларнинг 49,1 фоизи овоз берган. Консерватив партиядан унга рақиблик қилган номзод Ким Мун Су эса сайловчиларнинг 41,6 фоиз қўллаб-қувватловини тўплади.