Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бирида майдонга тушади. БАА вакилларига қарши ўйиндаги ижобий натижа (ғалаба ёки дуранг) Ўзбекистонни шу куниёқ расман ЖЧ-2026 иштирокчилари сафига қўшиши мумкин.

Темур Кападзе навбатдаги ўйинларга жалб қилган футболчилар маълум ва уларнинг фаолияти мунтазам кузатувимиз остида. Албатта, легионерларнинг ҳолати ва айни пайтдаги ўйин амалиёти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, Суперлигада майдонга тушаётган футболчилардан кўнглимиз тўқ, зеро агар етарли спорт формада бўлмаса мураббий томонидан жалб қилинмаслигини ҳам биламиз. Шунинг учун қуйида асосан хорижда тўп сураётган футболчиларимизнинг клубдаги фаолиятига тўхталиб ўтилган.

Ўткир Юсупов («Фулад», Эрон)

Дарвозабон Эрон чемпионати пешқадамларидан бири, айни дамда 4-ўринда бораётган «Фулад» сафида асосий таркибда тушишда давом этмоқда. Миллий жамоадаги сўнгги йиғинлардан сўнг у клубида 6 учрашувда дарвозани қўриқлади ва 5 гол ўтказиб юборди. Юсупов ўз спорт формасини ўйин амалиёти билан сақлаб келмоқда ва кузги ўйинлар қаҳрамони ҳал қилувчи паллаларда ҳам ўз вазифасини аъло даражада бажаради, деб умид қиламиз.

Элдор Шомуродов («Рома», Италия)

Айтиш мумкинки, сўнгги йиғинлардан кейинги даврни энг яхши ўтказган футболчимиз Элдор бўлди. Мавсумнинг иккинчи даврасида  у «Рома»нинг асосий таркиб футболчисига айланиб олди ва бир қатор муҳим учрашувларда ҳал қилувчи ролларни ижро этди. Жумладан «Верона» дарвозасига ғалаба голи, «Ювентус»га қарши мағлубиятдан қутқарувчи голни урганини эслаш мумкин. «Интер» ва «Фиорентина» билан ўйинларда айнан Шомуродов узатган паслар голга айланиб, 1:0 ҳисобидаги ғалабалар қайд этилди.

Элдор 2024/25 йиллар мавсумини 7 гол ва 5 ассист билан якунлаб, Европа майдонларидаги энг яхши натижасини янгилади. Бундан олдин у «Рома»даги илк мавсумида (2021/22) 5 гол ва 6 ассист қилишга муваффақ бўлганди. Сардоримизнинг яхши спорт формаси ва кайфияти муҳим баҳсларда ҳал қилувчи аҳамият касб этса ажаб эмас.

Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА, Россия)

Файзуллаев ЦСКА сафида мунтазам ўйнаб келмоқда – сўнгги икки ойда у 5 ўйинда илк дақиқалардан ҳаракат қилган бўлса, 3 ўйинда захирадан майдонга тушди. Файзуллаев «Нижний Новгород» қарши кечган ўйиннинг охирги 14 дақиқасида ўйнаган бўлишига қарамай, бир ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Умуман олганда, Файзуллаев бу мавсум ЦСКА таркибида 39 ўйинда қатнашиб, 3 гол ва 5 ассист амалга оширган ва армиячиларнинг бронза медали учун ўз ҳиссасини қўшди.