Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
БМТ: Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига ҳужуми уруш жинояти бўлиши мумкин
Исроил армиясининг Ғазо секторида тинч аҳолига қарши уюштирган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузади ва оғир уруш жинояти бўлиши мумкин, деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк.
Турк – ёрдам тарқатиш пунктларига уюштирилган ҳужумлар билан боғлиқ баёнотида, воқеанинг шошилинч ва холис тергов қилиниши ва жавобгарларнинг жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлади. У асосий озиқ-овқат ёрдамини сўраган фаластинликларга қилинган ҳалокатли ҳужумларни «ғайриинсоний» деб таърифлади.
Комиссарнинг айтишича, Фаластин аҳолиси амалда оғир танлов олдида турибди: очликдан ўлиш ёки ҳуманитар ёрдам олишга уринаётганда ҳалок бўлиш. Шунингдек, у Исроилни инсонпарварлик ёрдами тақсимотини тартибга солувчи халқаро стандартларни бузганликда айблади.
Турк – тинч аҳолининг озиқ-овқат, сув ва бошқа ҳаётий ресурсларга киришига атайлаб тўсқинлик қилиш уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлади.
«Мана йигирма ойдан бери тинч аҳолининг ўлдирилиши, кенг кўламли вайронагарчиликлар, мажбуран кўчирилиш, Исроил раҳбариятининг ғайриинсоний риторикаси, Ғазо аҳолисини оммавий эвакуация қилиш таҳдиди ва уни очликдан ўлдиришга уринишлар – буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқнинг энг оғир жиноятлари таърифига киради», деди у.
Аввалроқ, Исроил аскарлари ҳуманитар ёрдам олиш учун келган минглаб ғазоликларга ҳарбий техникалар, хусусан танк ва дронлар ёрдамида ўқ узаётгани хабар қилинган эди. 4 июнь куни Ғазо секторида уюштирилган ҳужумлар оқибатида 42 нафар фаластинлик, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлди. 2023 йил октябрдан буён уюштирилган босқинчилик ҳужуми натижасида ҳалок бўлган ғазоликлар сони эса 54 минг кишидан ошиб кетган.
Трамп ва Путиннинг суҳбати
4 июнь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат 1 соатдан кўпроқ давом этган.
Трамп ва Путин Украинанинг Россия аэродромларига ҳужумини, шунингдек, ҳар икки томон амалга оширган «бошқа ҳужумлар»ни муҳокама қилган.
«Бу яхши суҳбат бўлди, лекин зудлик билан тинчликка олиб келадиган суҳбат эмас», деди АҚШ президенти. Трампга кўра, Путин суҳбатда «аэродромларга яқинда уюштирилган ҳужумларга жавоб беришга мажбур бўлишини» «жуда қатъий» айтган.














