Жаҳон | 15:21 / 06.06.2025
3014
3 дақиқада ўқилади

Германияда фаоллар Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди

Ҳукуматга йўллаган очиқ мактубда имзо чекканлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказишга чақирди.

Фото: Anadolu Agency

Германияда илм-фан, маданият ва фуқаролик жамиятининг ўнлаб таниқли арбоблари мамлакат раҳбариятига очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ғазодаги гуманитар ҳалокатдан хавотир билдириб, Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш, ўт очишни тўхтатишга кўмаклашиш ва Фаластин аҳолисига тўсиқсиз гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлашга чақиришди, деб ёзади Spiegel нашри.

Мактубни 2020 йилда Ханауда ирқчилик ҳужумидан омон қолган Саид Этрис Хошими ташаббуси билан ёзган. Имзоловчилар орасида иқлим фаоли Луиза Нойбауэр, социолог Харалд Уэлзер, мусиқачи Майкл Баренбойм, актёрлар Аксел Прал, Энисса Амани ва бошқа таниқли шахслар бор.

Федерал канцлер Фридрих Мерц, вице-канцлер Ларс Клингбайл ва ташқи ишлар вазири Йоханн Вадепфулга йўлланган мактубда Германиянинг давом этаётган қуролли можародаги ролидан «чуқур хавотир» билдирилган. Имзоловчилар Германия халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳаракат қилиш ва уруш жиноятларининг олдини олиш мажбуриятига эга эканлигини таъкидлади.

Мактуб муаллифлари Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, кенг кўламли ва тўсиқларсиз гуманитар ёрдам етказиш, Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни қайта кўриб чиқиш ва тўхтатиб туришни талаб қилган.

«Ҳаракатсизлик учун, баланд овозда огоҳлантиришларга қарамай, жавобгарлик оғир бўлади», — дейилади баёнотда.

Мактуб муаллифлари, шунингдек, Германия Исроилнинг номутаносиб уруш усулларига нисбатан аниқроқ позицияни эгаллаши ва Фаластин халқига ёрдам бериш бўйича БМТ каби мустақил ташкилотлар фаолиятини илгари суриши кераклигини таъкидлади.

Имзоловчилар Германиянинг ташқи сиёсати халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосланишини таъкидламоқда. Мактубда жабрланган барча томонлар, айниқса маҳбуслар ва уларнинг оилалари билан бирдамлик билдирилган.

Муаллифлар социологик маълумотларга иқтибос келтиради, унга кўра немисларнинг 80 фоизи Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини танқид қилади, 60 фоизи эса бу мамлакатга қурол-яроғ етказиб берилишига қарши.

WDR телеканали (ARD жамоат телерадиокомпаниясининг бир қисми) хабарига кўра, мактубга 50 га яқин таниқли шахслар имзо чеккан.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид