Миллатлар лигаси, яримфинал
Испания – Франция 5:4 
Голлар: Уилямс 22, Мерино 25, Ямал 54, 67, Педри 55 – Мбаппе 59 (п), Шерки 79, Вивиан (а.г) 84, Коло Муани 90+4.
Испания: Симон, Порро, Ле Норманн, Ҳейсен, Кукурелия, Педри (Руис 64), Субименди, Мерино (Гави 90+1), Уилямс (Олмо 64), Ямал, Оярсабал (Саму 77).
Франция: Мениян, Калулу (Гюсто 63), Конате, Лангле (Люка Эрнандес 72), Тео, Рабио, Коне, Дуе (Барколя 63), Дембеле (Коло Муани 76), Олисе (Шерки 63), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Ямал 33, Гави 90+6 – Рабио 51, Тео 82, Коло Муани 90+4, Коне 90+7.

Испания ва Франция Евро-2024 яримфинали ремейкини ижро этишди – бу сафар Миллатлар лигасининг шу босқичида. Олдинги тўқнашувда Ямал ва Дани Олмонинг голлари билан иродали ғалабага (2:1) эришган «Қизил фурия» олтин сари навбатдаги қадамни ташлаганди. Лекин французлар ўша мағлубият учун реванш олиш имконияти ўйиндан олдиноқ пасайиб кетди – мудофаа чизиғида бирданига уч йўқотиш юзага келганди: ўйинни жароҳат туфайли Салиба, Юпамекано ва Кунде ўтказиб юборишди, натижада ҳимоячилар тўртлиги Тео, Лангле, Конате ва Калюлю томонидан таркиб топди. Ва бу испанларнинг юқори прессинги фонида эди. Ҳа, ўйин Франция учун қийин кечиши олдиндан кутилганди. Аммо майдондаги воқеаларни ҳеч ким олдиндан тахмин қилолмасди.

Испанлар кутилганидек тўпни ўз назоратига олишди, аммо барибир аввалига французлар ҳужумда қизиқарлироқ ҳаракат қилишди. Дембеле майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйди ва Мбаппени ўнг қанот бўйлаб олдинга бошлади, аммо ҳужумчи Симон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Кейин эса Тео Рабио ақл билан ўтказиб юборган тўпни ўзига бўйсундириб, кучли зарба йўллади, тўп дарвоза устуни ва тўсини бирлашган нуқтага борди. Де ла Фуэнте жамоаси ҳам зарбалар берди, аммо кескинлик етишмади. Бу ҳолат 22-дақиқагача давом этди, шундан кейин эса Испания бир неча дақиқа оралиғида иккита гол урди.

Биринчи ҳолатда Оярсабал Менян қўриқлаётган дарвозага тескари турган ҳолда туриб, тўпни икки ҳимоячи орасидан ўтказган ҳолда Уилямсга ташлаб берди — ёш вингер эса яқин масофадан аниқ зарба йўллади. Иккинчи ҳолатда эса Мерино худди шу Оярсабал билан девор услубида ўйнаб, жарима майдонида очилди ва яқин бурчакни аниқ нишонга олди.

Бундай футбол — Луис де ла Фуэнтенинг ғалабали даври учун классика. Бу Испания Луис Энрике фаолиятининг охирги дамларидаги каби шунчаки тўпни олиб юриш ва бугунги кунда модадан қолган тики-така билан шуғулланмайди. Ҳозирги «Қизил фурия» вазиятга қараб мослашади, ўйинни ва унинг суръатини бошқаради. Тўпни рақибга топшириши ҳам, кутилмаганда вертикал узатмалар билан ҳужумга ўтиши ҳам, ортга қайтиб ўйнаши ҳам мумкин. Лекин ҳужуми кучли Францияга қарши ҳимояда ўйнаш катта таваккалчилик бўларди. Унаи Симон яхши посбон, аммо барибир дарвозабонлик санъати доҳийси эмас. Шу билан бирга, ўйини чиқиб қолса, ҳақиқий деворга айланиши мумкин. Пайшанба оқшомида биринчи бўлимда у Мбаппе, Дембеле ва Чемпионлар лигаси финали қаҳрамони Дуэнинг зарбаларини қайтарди ҳамда жамоаси биринчи бўлимни икки тўп устунлигида якунлашига катта ҳисса қўшди.