27 октябрга ўтар кечаси ўтган мавсум якунлари бўйича «Олтин тўп» мукофоти эгаси эълон қилинади. Мукофотни топшириш маросими тарихда илк бор Парижда эмас, Лондондаги «Палладиум» театрида ўтказилади. Бу мукофотнинг 70 йиллик юбилейи билан боғлиқ: 1956 йилда англиялик футболчи Стэнли Мэтюз «Олтин тўп»нинг илк соҳиби бўлганди.

Маросим Тошкент вақти билан соат 01:00 да бошланади. Уни франциялик собиқ футболчи Тиерри Анри ва телебошловчи Кейт Скотт олиб боради.

Ташкилотчилар барча мукофотларни икки соат ичида топширишни мўлжаллаган. 2024 йилдан буён маросим «Франс Футбол» журнали ва УЕФА ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.

«Олтин тўп» учун асосий фаворитлар

Асосий мукофот учун икки асосий даъвогар бор: «Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн ва «Барселона» вингери Ламин Ямал. Англиялик ҳужумчи сермаҳсуллик борасида ажойиб кўрсаткичларга эга, испанияликда эса жаҳон чемпионати ғолиблиги бор.

Шунингдек, имконияти нисбатан юқори баҳоланаётганлар орасида Килиан Мбаппе, Лионел Месси, Хвича Кварацхелия ва Родри каби футболчиларни санаш мумкин.

Ҳарри Кейн («Бавария»)

Ютуқлари: «Олтин бутса» ғолиби, ЖЧ бронза медали совриндори, Бундеслига чемпиони ва энг яхши тўпурари, Германия Кубоги ва Германия Суперкубоги соҳиби

Англиялик ҳужумчи учун 2025/26 йиллар мавсуми фаолиятидаги энг сермаҳсули бўлди. У ўтган мавсумда «Бавария» сафида 51 та расмий ўйинда 61 гол урди. Бундеслигада 36 гол билан тўпурар бўлиб, Европада қаторасига иккинчи мавсумда «Олтин бутса»ни ўзиники қилди.

Бундеслигада ўйинлар нисбатан камроқлиги (34 тур) ва Ҳарри барча ўйинларда қатнашмагани (31) ҳисобга олинса, унинг натижаси аҳамияти ошади.

Терма жамоадаги ўйинлар ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса унинг кўрсаткичи янада салобатли: 65 ўйинда 73 гол.

Гап фақат голларда ҳам эмас. Кейн сўнгги мавсумларда таянч зонасида ўйнайдиган форвардга айланди. Ўтган ҳафтада «Арсенал»га қарши кечган ўйинда ҳам мухлислар немислар жамоасининг барча ҳужумларини у бошлаб бераётгани, ҳатто дарвозабон позициясидан туриб олдинги чизиққа тўп етказаётганига гувоҳ бўлишди. Рақиб ҳимоячилари у нима қилмоқчи эгалигини олдиндан билиши мушкул масалага айланди.