Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Илҳом Алиев Арманистонни ҳарбий жиноятларда айблади
Озарбойжон президентининг таъкидлашича, «оккупация даврида» Арманистон аҳоли яшаш пунктларини бутунлай вайрон қилган.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистонни «ҳарбий жиноятчи давлат» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғ уруши давомида Арманистон армияси жанглар зонасидан анча узоқда жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутган.
«Арманистон Мингечаурни бомбардимон қилиш, тўғонни йўқ қилиш ва Мингечаур электр станциясини ишдан чиқариш билан таҳдид қилган. Буни ушбу ҳудудга тушган узоқ масофага мўлжалланган снаряд ва ракеталар яққол тасдиқлайди. Бу тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қарши тажовуз эди. Бу — ҳарбий жиноят», — деди Илҳом Алиев Мингечаурдаги электростанция очилишида.
Алиевнинг таъкидлашича, «оккупация даврида» Арманистон Озарбойжоннинг аҳоли яшаш пунктларини бутунлай вайрон қилган. У, шунингдек, 1992 йилда содир бўлган Хожали қирғинини геноцид деб атади.
2023 йил сентябрда Озарбойжон ҳукумати Қорабоғда ҳарбий операция бошлаганди. У тугаганидан сўнг Қорабоғ раҳбарияти республика тугатилганини эълон қилди, Арманистон эса минтақани Озарбойжоннинг бир қисми сифатида расман тан олди.