Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Цинхай провинциясида суюлтирилган ҳаво асосида энергия тўплайдиган 60 мегаватт қувватли қурилма электр тармоғига уланди. Объект ўтган ҳафта охирида электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлади.

Объект Голмуд шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши ва молиялаштирилишини China Green Development Investment Group (CGDG) компанияси таъминлади. Компаниянинг баёнотига кўра, қурилма ўрнатилган қуввати бўйича дунёдаги энг йирик шундай энергия сақлаш тизимига айланди.

Лойиҳанинг ишга туширилиши Хитойнинг энергия сақлаш технологияларини ривожлантириш режаларини амалга оширишда муҳим босқич бўлди. Бундай технологиялар қайта тикланувчи манбалар улуши ортиб бораётган энергетика тизими учун зарур.

Мажмуанинг ўрнатилган қуввати 60 мегаваттни ташкил этади. Компания маълумотларига кўра, у ҳар куни экологик тоза манбалардан олинган қарийб 600 минг киловатт-соат электр энергиясини тўплай олади. Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 180 миллион киловатт-соатга етиши кутилмоқда. Бу қарийб 30 минг хонадонни бир йил давомида электр билан таъминлаш учун етарли.

Суюлтирилган ҳаво ёрдамида энергия тўплаш — электр энергиясини узоқ муддат сақлашнинг нисбатан янги технологияси. Электрга талаб кам бўлган пайтларда энергия ҳавони сиқиш ва суюқ ҳолатга ўтгунига қадар совитиш учун сарфланади. Энергияга эҳтиёж пайдо бўлганда эса суюлтирилган ҳаво иситилади ва кенгайтирилади. Ҳосил бўлган оқим электр энергияси ишлаб чиқарадиган турбиналарни ҳаракатга келтиради.

Гидроаккумуляцияловчи электр станцияларидан фарқли равишда, бундай тизимни жойлаштириш учун алоҳида географик шароит талаб этилмайди. Қайд этилишича, аккумулятор батареялари билан таққослаганда, бу технология тизим кўламини кенгайтириш имконияти, энергияни сақлаш давомийлиги ва ускуналарнинг хизмат муддати жиҳатидан афзалликларга эга.

CGDG маълумотларига кўра, Голмуддаги объектда ҳавони минус 194 °C ҳароратда суюлтириш имконини берувчи чуқур совитиш технологияси қўлланади. Компания ускуналар ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилганини маълум қилди: қурилманинг барча қисмлари Хитойда тайёрланган. Бундан ташқари, лойиҳада интеллектуал мулк ҳуқуқлари CGDG'нинг ўзига тегишли бўлган технологиялардан фойдаланилган.

Компаниянинг таъкидлашича, мажмуа ҳам қуввати, ҳам энергия сақлаш сиғими бўйича суюлтирилган ҳаво асосида ишлайдиган энергия тўплаш қурилмалари орасида дунёда биринчи ўринда туради.