Саида Мирзиёева Администрация раҳбари лавозимини эгаллади. Комил Алламжонов унга маслаҳатчи бўлди. Президент маслаҳатчиси Бекзод Мавлонов – президент ёрдамчиси, шу лавозимдаги Азиз Мағрупов эса давлат раҳбарининг маслаҳатчисига айланди. Тугатилган инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов, департамент раҳбарлари Ўткиржон Қодиров ва Жаҳонгир Ибрагимов лавозимларини тарк этди.

Ўзбекистон Президенти администрациясида қатор ўзгаришлар юз берди. Давлат раҳбарининг фармони билан, 2023 йилда тугатилган администрация раҳбари лавозими тикланди ва бу лавозимга Саида Шавкатовна Мирзиёева тайинланди.

Саида Мирзиёева 2023 йил август ойидан бери президент ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётган эди. У бунга қадар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари, Президент администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Санаб ўтилган ташкилотларда Мирзиёева билан ёнма-ён ишлаган Комил Алламжонов ўз фаолиятида учинчи марта Президент администрациясида иш бошлади. У администрация раҳбарига жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи этиб тайинланди. Комил Алламжонов ушбу лавозимда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида Саида Мирзиёевага экспертлик ёрдамини кўрсатади.

Комил Алламжонов бундан аввал администрацияда президент матбуот котиби, администрация раҳбарининг ўринбосари ва ахборот сиёсати департаменти раҳбари каби лавозимларда ишлаган. 2024 йил сентябр ойида лавозимини тарк этиб, фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилганди.

Саида Мирзиёева Азиз Мағруповнинг лавозими ўзгарганини эълон қилмоқда. / Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, бунга қадар президент ёрдамчиси сифатида ишлаб келган Азиз Мағрупов бу лавозимини тарк этди. У давлат раҳбарининг ташқи инвестициялар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.