Ўзбекистон президенти 14 октябр куни имзолаган қонун билан, дахлсизлик ва иммунитетга эга шахсларга нисбатан иш юритишнинг ўзига хос тартиби белгиланди.
Дахлсизликка эга шахслар
Қуйидагилар дахлсизликка эга шахслар ҳисобланади: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари; инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман); болалар ҳуқуқлари бўйича вакил; судьялар; прокурорлар, терговчилар ва суриштирувчилар; адвокатлар; Марказий сайлов комиссияси аъзолари; Президентликка номзодлар (номзодлик мақомида бўлган даврда) ва бошқалар.
Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари эса ишдан бўшатилганидан кейин беш йил давомида — Президент Администрациясида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун дахлсизликка эга бўлади.
Иммунитетга эга шахслар
Ўзбекистон Республикаси Президенти; Президент Администрациясининг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзолари иммунитетга эга шахслар ҳисобланади.
Шунингдек, Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари — Президент Администрациясида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарори, содир этган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан иммунитетга эга.
Парламент аъзолари эса овоз бериш ва фикр билдириш учун иммунитетга эга.
Ушлаб туриш
Дахлсизликка эга шахсни ушлаб туриш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга олиб келиш мумкин эмас, ЖПК 221-моддасининг 1-бандида назарда тутилган асослар (шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса) бўйича уч соатгача ушлаб туриш ҳоллари мустасно.
Жиноий жавобгарлик
Дахлсизликка эга шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун тегишли палата, Президент ёки бошқа ваколатли органнинг розилиги талаб этилади. Масалан, депутатлар учун — тегишли палатанинг, Президент Администрацияси бошқарув ходимлари учун — Бош прокурорнинг тақдимномаси асосида Президентнинг ёзма розилиги.















