Озарбойжон бош прокуратураси Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатнинг икки фуқароси қасддан ўлдирилгани бўйича жиноий иш қўзғатди. Озарбойжон экспертизаси ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров олинган тан жароҳатларидан кейин посттравматик шокдан вафот этганини кўрсатган. Россия Тергов қўмитаси версиясида қўлга олинганлардан бирининг ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилганди.

Икки кишининг ўлими ва Екатеринбургда оммавий ҳибсга олишлар ҳақидаги хабарлар Боку ва Москва ўртасидаги муносабатлар яна кескинлашишига олиб келди.

Озарбойжонда Россия маданий тадбирлари бекор қилинди, «Спутник» агентлигининг Бокудаги офисида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) икки агенти ҳибсга олингани айтилмоқда. Кремл душанба куни Екатеринбургдаги воқеалар Озарбойжон томонидан демарш учун баҳона бўлмаслиги кераклигини айтиб чиқди.

27 июн куни эрталаб Екатеринбургда анча вақт муқаддам содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумон қилиниб, Озарбойжон фуқаролари ва озарбойжон миллатига мансуб шахслар қўлга олинди, дейилади Озарбойжон прокуратураси пресс-релизида.

Озарбойжон терговчилари ҳибсга олинганлар «амалда иложсиз ҳолатда бўлиб, ўзларини зарбалардан ҳимоя қила олмагани, ҳибсга олиш пайтида ҳам, уларни олиб кетаётган транспорт ичида ҳам қаттиқ, ўтмас нарсалар билан тананинг турли қисмларига кўплаб зарбалар бериш орқали қийноққа солингани ва оғир тан жароҳати етказилгани»ни қайд этишган.

Аввалроқ Россия расмийлари Екатеринбургда 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотилликларга алоқадорликда гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олиш чоғида келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлган ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров вафот этган, яна бир неча киши шифохонага ётқизилган.

Озарбойжон экспертизаси нималарни аниқлади?

Душанба куни кечқурун ака-ука Сафаровларнинг жасадлари Бокуга олиб келинди, сешанба куни эса улар Озарбойжоннинг Ағжабеди туманидаги қишлоқ қабристонига, ота-онасининг ёнига дафн қилинди.

Фото: azertag.az

Дафн маросимидан олдин Озарбойжон суд-тиббиёт экспертлари Сафаровларнинг жасадини текшириб, уларнинг ўлимига жароҳатлар сабаб бўлгани ҳақида хулосага келишди.

Озарбойжон бош прокуратураси маълум қилишича, кичик бизнес билан шуғулланган 60 ёшли Ҳусайн Сафаров Екатеринбургдаги ички ишлар бўлимида ўлдирилган. Унинг 55 ёшли укаси, такси ҳайдовчиси Зияддин Сафаров эса эрталаб хизмат машинасида ўлдирилган, деб ҳисоблайди прокуратура.