Хўжандда ўтган иккинчи Фарғона тинчлик форумида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг юқори даражадаги вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда ўндан ортиқ давлат делегациялари қатнашди. Kun.uz мухбири 28-29 сентябр кунлари форумни Хўжанддан ёритди. Унда ҳудудлараро ҳамкорлик, ўзаро ишонч, сув ва энергетика масалалари ҳамда Хўжанд декларациясининг амалий аҳамияти муҳокама қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг таъкидлашича, Хўжанд шаҳрида ўтказилаётган Фарғона тинчлик форумининг иккинчи йиғилиши Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айланган. Унинг сўзларига кўра, форум доирасида иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маърифий йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Бозоров форумни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан имзоланган абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг амалий ифодаларидан бири сифатида баҳолади. “Энг асосийси, бизга ҳуқуқий майдон яратиб берилган. Ҳудудлараро кенгаш президентларимиз ташаббуси билан ташкил этилган”, — деди Фарғона вилояти ҳокими.

Унинг қайд этишича, мазкур кенгаш Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудлари, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги доимий амалий мулоқот механизмига айланган. “Шунинг учун биз деярли ҳар куни алоқадамиз. Қандайдир масала бўлса, ўзаро телефон орқали мулоқот қиламиз ёки муайян масалани чегарада учрашиб, жойида ҳал қилиш имконига эгамиз”, — деди Хайрулло Бозоров. Ҳокимнинг фикрича, ҳудудлараро кенгаш ва шу каби мулоқот майдонлари уч давлатнинг чегараолди вилоятлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мунтазам давом эттириш учун имконият яратмоқда.
















