Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир якшанба куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига ташриф буюриб, у ерда ибодат қилди. Бир неча ўн йил олдин мусулмонлар билан тузилган ва ҳозирда амалда бўлган норасмий келишувга кўра, Ал-Ақсо комплекси Иордан диний фонди бошқарувида бўлиб, яҳудийлар бу ерга ташриф буюриши мумкин, аммо ибодат қилиши мумкин эмас.

«Маъбад тоғи маъмурияти» деб номланган кичик яҳудий ташкилоти томонидан эълон қилинган видеода Бен-Гвир бир гуруҳ одамлар қуршовида комплекс бўйлаб сайр қилаётганини кўриш мумкин. Бошқа видеоларда у ибодат қилаётгани акс этган.

Ал-Ақсо масжиди мусулмонлар учун учинчи муҳим зиёратгоҳ, Маъбад тоғи эса яҳудийликдаги энг муқаддас жойдир.

Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Ал-Ақсо мажмуасини Иорданиядан тортиб олганди. Иордания ушбу жойнинг тарихий қўриқчиси ролини давом эттириш ҳуқуқини сақлаб қолган, Исроил эса хавфсизлик ва кириш назоратини ўз зиммасига олган.

Фаластинликлар таъкидлашича, сўнгги йилларда мажмуага келган яҳудийлар у ерда тез-тез ибодат қилишмоқда, Исроил полицияси эса уларга тўсқинлик қилмаяпти.

Исроилнинг расмий позицияси мажмуа ҳудудида мусулмон бўлмаганлар ибодат қилишини чекловчи қоидаларни тан олади. Бен-Гвирнинг ташрифидан сўнг бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроилнинг мажмуадаги статус-квони сақлаб қолиш сиёсати «ўзгармагани ва ўзгармаслиги»ни айтди.

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга Кнессет аъзоси Шаррен Ҳаскел ҳам қўшилди. «Вақф» жамғармаси маълумотларига кўра, Талмуд маросимида камида 1250 киши полициянинг кучайтирилган қўриқлови остида иштирок этган.
JERUSALEM ISLAMIC WAQF / HANDOUT

Яҳудийлар Маъбад тоғи деб атайдиган мажмуага ташриф Тиша Бе-Ав куни, бир неча аср олдин бу ерда жойлашган иккита қадимий яҳудий ибодатхонаси вайрон бўлганини хотирлаш учун рўза куни бўлиб ўтди.

Қуддуснинг девор билан ўралган Эски шаҳар қисмидаги тепаликдаги мажмуани бошқарувчи «Вақф» жамғармаси хабар беришича, Бен-Гвир тоққа чиққан, ибодат қилган, қичқирган ва рақсга тушган 1250 киши орасида бўлган.

Миллий хавфсизлик вазири сифатида полицияга раҳбарлик қилаётган ултрамиллатчи Бен-Гвир бу ерга аввал ҳам ташриф буюрган, бироқ Times of Israel нашри ёзишича, у Маъбад тоғида биринчи марта ибодат қилган. Мажмуага ташрифи давомида унга полициячилар ҳамроҳлик қилди.