Реновация ҳақидаги қонун қабул қилингач, кўпчиликни бир хил савол қийнамоқда: “агар уйим реновация ҳудудига тушса, менинг розилигимсиз бузилиши мумкинми? Компенсация қандай ҳисобланади? Уй баҳосига рози бўлмасам-чи?” Kun.uz шу каби саволларга масъул идоралар вакиллари билан ўтказилган суҳбатда жавоб излади.

Шаҳар — тирик организм. Уни тўхтатиб бўлмайди

Реновация бўйича энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири – бу жараён Тошкентни янада катта қурилиш майдонига айлантириб юбормайдими, деган хавотир ҳисобланади. “Тошкент Инвест Компанияси” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодировнинг таъкидлашича, шаҳарни ривожлантириш тирик организм билан ишлашдек мураккаб жараёндир.

“Шаҳарни ривожлантириш - бу худди анестезия қилинмаган, яъни юриб турган, ҳаракатдаги одамнинг уриб турган юрагини операция қилишдек гап. Машина двигателини ўчириб таъмирлаш мумкин, лекин тирик шаҳар организмини тўхтатиб бўлмайди. Шаҳарни ривожлантириш ўзи аслида жуда оғир ва мураккаб жараёндир. Тошкентда қурилишга бўлган бундай юқори талабнинг туб негизи эса 2017 йилда прописка тизимининг бутунлай бекор қилинганига бориб тақалади. Бу ислоҳот вилоятлардан келиб, пойтахт ривожига ҳисса қўшиш, шу ерда яшаш ва мулк сотиб олиш истагида бўлган минглаб фуқароларга йўл очди ва табиий равишда уй-жойга бўлган эҳтиёжни кескин ошириб юборди”.

Энг баҳсли норма — 80 фоиз розилик

Жамоатчиликда энг кўп муҳокама қилинаётган масала — агар мулкдорларнинг 20 фоизи реновацияга мутлақо қарши бўлса, уларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланиши.

“Биз конституцияни инсон қадрини энг олий қадрият сифатида олдикми, энди инсон қадрининг ўша конституция билан мутаносиблигини таъминлаш мақсадида унинг мулки дахлсизлигини таъминлаб беришимиз керак. Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунимизнинг 13-моддасида “реновацияда иштирок этиш фақатгина ихтиёрийлик асосида” дейилган, яъни энг асосий бизнинг фундаментал тамойилларимиздан бири сифатида ушбу қонунимизда ихтиёрийлик масаласини илгари сурдик”, - деди Адлия вазирлиги масъул ходими Нуриддин Шерматов.

Унинг таъкидлашича, агар мулкдорларнинг 80 фоизи лойиҳани қўллаб-қувватласа ҳам, қолган 20 фоизнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади. Асосий қоидага кўра, норози мулкдорларнинг мулки дахлсиз сақланади ва имкони бўлса, лойиҳа уларни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилади. Фақат давлат ва жамият эҳтиёжлари тақозо этган алоҳида ҳолларда мулк суд қарори ҳамда адолатли компенсация эвазига олиниши мумкин.