Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар 100 минг нафардан ошади. Улар орасида офис, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдиганлардан ташқари “Кореяга турмушга чиқаман”, “ўқишга бориб ҳам ишлайман” деб режа қилаётганлар охирги пайтларда кўпайиб боряпти. Ҳар ўн бешинчи юртдошимиз у ерларда ноқонуний муҳожир мақомида юрибди. Корея – имкониятми ёки иллюзия? Бу мамлакатда омад формуласини қандай тузиш керак? SUBYEKTIVʼда “Кальмар ўйини”. Ўйинда эса ўзбеклар! Ҳали айтилмаган ҳақиқатлар бу кўрсатувда юзага чиқади.
Улар ҳаётини ўзгартириш умидида Кореяга келишди. Кимдир орзу билан... Кимдир мажбуран... Бу ернинг ўз ўйин қоидалари бор... Ҳар бир кун — имтиҳон, ҳар бир қарор — ҳаёт-мамот масаласи, ҳар бир қадам — синов. Бугун Кореядаги 100 минглаб ўзбекистонликларнинг миссияси бир – ғолиб бўлиш... Қоидалар қаттиқ. Ғалаба эса камчиликники. Улардан ё ўрнак оламиз, ёки сабоқ чиқарамиз.

Ҳа, айтганча, билмаганлар учун бу Жанубий Корея ҳақидаги кўрсатувимизнинг навбатдаги қисми. Ҳужжатли фильмимизнинг олдинги сонида корейслар давлатидаги энг қашшоқ маҳаллалардан президент яшайдиган саройгача борган тарихий лаҳзаларимиз, таҳликали Шимолий Корея чегарасидан олинган эксклюзив кадрлар, бир кунлик ишларда ишлаб кўрганимиз, кореяликлардан олган интервьюларимиз, “кичик Ўзбекистон”га айланган маҳаллалар ва бошқа кўплаб маълумотлар билан бўлишган эдик. Бизни хурсанд қилгани – кўрсатув остидаги минглаб ижобий изоҳлар орасида ҳақиқий Кореяни очиб беролганимизни ёзишгани бўлди. Асл Жанубий Кореяни пушти кўзойнакларсиз кашф қилмоқчи бўлганларга 1-қисмни ҳам кўрмаса бўлмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Офис: кореялик куёвлар
Бир офис бор. Унинг эшиклари ортида “Кореяга эрга бериш” номидаги тижорат авжида. Харидор — кореялик эркак. Маҳсулот эса ўзбекистонлик қиз. Ҳар бир топилган келин учун куёвлар офисга 25–35 минг доллар қолдиради. Шарти – улар истаганидек қиз топиш. Номзодлар худди подшоҳга канизак танлагандек ўта шахсий гигиеник текширувларгача ўтишади. Уларга инсон эмас, товар сифатида қаралади.

“Хорижлик келинлар” совчилик жамияти Корея метроларида, медиасида ҳам кенг тарғиб қилинади. Бўлғуси куёвлар Корея орзуларидаги К-поп юлдузларидек йигитлар эмас, асосан, каттароқ ёшли, иқтисодий аҳволи ҳаминқадар бўлган эркаклар. Бу ҳақда кўрсатув давомида батафсил гаплашамиз. Яхшиси, бундай тақдирларни бошидан кечирганларнинг ўзлари гапириб берганлари маъқулроқ. Токи бошқа қизлар офис эшигини тақиллатиб боришдан олдин уларга ваъда қилинаётган ва асл ҳаёт иллюзиялари ўртасидаги фарқни англаб олишсин.















