Озарбойжон ва Арманистон ҳарбий ҳаракатлардан воз кечди. Ушбу икки мамлакат 2023 йилдан бери, Боку Қорабоғ ҳудудини узил-кесил ўз назоратига олганидан бери тинчлик шартномасини муҳокама қилиб келаётганди. Ҳужжат матн 2025 йил март ойида келишилган. Июл ойида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Абу-Дабидаги музокараларда учрашган, бироқ учрашувда аниқ натижалар бўлмаганди. Якунда АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатлар ўртасида воситачи бўлди; 8 август куни Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ раҳбарлари Вашингтонда йиғилиб, унда Алиев ва Пашинян ҳарбий қарама-қаршиликдан воз кечиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.

«Биз тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлдик, – деди Трамп, гарчи ҳужжатни тўлақонли тинчлик шартномаси деб бўлмаса ҳам. – Улар 35 йил жанг қилишди, энди эса дўстлар. Ва улар узоқ вақт дўст бўлиб қолади». Боку ва Ереван «қарама-қаршилик ва қон тўкиш саҳифасини ёпади, шунингдек, фарзандларимизнинг ёрқин ва хавфсиз келажагини таъминлайди», деди Алиев. «Бугунги декларация... биз Жанубий Кавказда тинчлик, фаровонлик, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очаётганимизга ишонч бағишлайди», – дея изоҳ берди Пашинян.

Вашингтон ҳар икки давлат билан ҳамкорликни кенгайтиради. Трамп Пашинян ва Алиев билан учрашув якунлари бўйича шундай баёнот берди. АҚШ Озарбойжон ва Арманистон билан энергетика, савдо ва технологиялар, жумладан, сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича алоҳида шартномалар имзолади. Шунингдек, Трамп Биринчи Қорабоғ уруши туфайли 1992 йилда Катта Жорж Буш маъмурияти даврида Боку билан мудофаа ҳамкорлигига қўйилган чекловни олиб ташлади.

Ғарбий Озарбойжон ва унинг эксклави Нахичивон автоном республикасини боғловчи – Арманистон ҳудудидан ўтувчи Зангезур йўлаги – АҚШга топширилади. Бу таклиф биринчи бўлиб 2025 йил июл ойида АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак томонидан билдирилганди, у тахминий ижара муддатини юз йил деб белгилаганди. Арманистон бунга қатъиян қарши чиққанди. Умуман олганда, Озарбойжон томонидан таклиф қилинган ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланган Зангезур йўлаги бўйлаб 40 километрлик йўл лойиҳасининг ўзи Ереванда доимий эътирозларга сабаб бўлиб келади: у ерда йўл қурилиши 2020 йил Арманистон ва Озарбойжон ўртасида, Владимир Путин иштирокида имзоланган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги баёнотга зид эканини таъкидлашади.

Шундай бўлса-да, Нахичивон автоном республикаси ва Озарбойжоннинг қолган ҳудуди ўртасидаги транспорт йўлаги якунда томонлар 8 август куни Вашингтонда имзолаган декларацияда тилга олинган. У «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик маршрути» деб номланади.