Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Бишкекда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашди. Кремль 1 сентябр куни эълон қилган музокаралар стенограммасида Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш режалари асосий мавзулардан бири бўлгани қайд этилган.

Путиннинг фикрича, Арманистоннинг бошқа иқтисодий тузилмага қўшилиш жараёнини бошлаши ЕОИИдан чиқишни англатади, чунки бир вақтнинг ўзида ҳар икки тузилмага аъзо бўлиш мумкин эмас.

«Сиз чиқиш ҳақида эълон қилмаганингизни айтдингиз. Бошқа иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши амалда бизнинг ташкилотдан чиқиш ҳақидаги баёнотни англатади. Чунки у ерда ҳам, бу ерда ҳам бир вақтнинг ўзида бўлиш мумкин эмас», деди Путин.

Россия президенти Арманистонда ЕИ ва ЕОИИ масаласи бўйича референдум ўтказиш таклифини яна бир бор илгари суриб, бу борада аҳолининг фикрини сўраш кераклигини айтди.

Пашинян эса Арманистон Россия билан икки томонлама шартномаларни ҳамда ЕОИИ доирасидаги ҳуқуқий базани таҳлил қилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Ереван Арманистоннинг Россия ёки ЕОИИ олдидаги мажбуриятларини бузган бирор ҳолатни аниқламаган.

Пашинян, шунингдек, 2025 йилда Европа интеграциясига оид қонун қабул қилиниши билан Арманистон ЕИ ва ЕОИИ ўртасида танлов қилиш бўйича референдум ўтказиш ғоясидан амалда воз кечганини айтди.

Арманистон бош вазири 24 август куни мамлакат яқин вақт ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза бериш жараёнини бошлаш ниятида эканини маълум қилган эди.

Шундан сўнг Европа комиссияси Арманистон ҳозир «Европа Иттифоқига ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ» эканини билдирган. Бироқ Брюссел ЕИга аъзо бўлиш аниқ белгиланган ва номзод мамлакатнинг натижаларига асосланган жараён эканини ҳам эслатган.

Путин эса аввал ҳам Европа Иттифоқи ва Евросиё иқтисодий иттифоқига бир вақтнинг ўзида аъзо бўлиш мумкин эмаслигини таъкидлаб келган.

Россия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларда сўнгги вақтларда келишмовчиликлар кузатилмоқда. DW маълумотига кўра, Арманистондаги парламент сайловлари арафасида Москва айрим арман маҳсулотларининг Россияга олиб кирилишини тақиқлаган.

7 июнда ўтказилган парламент сайловларида Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси ғалаба қозонган. Путин ва Пашиняннинг 1 сентябрдаги Бишкек учрашуви мазкур сайловлардан кейинги илк шахсий учрашув бўлди.