АҚШ Давлат котиби Марко Рубио октябр ойида йирик бизнес-делегация бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюради. Самарқандда у C5+1 учрашувида иштирок этади ҳамда савдо, инвестициялар ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказади.

Бўлажак ташриф ҳақида Жанубий ва Марказий Осиё бўйича АҚШ махсус вакили Сержио Гор маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, делегация таркибида 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакиллари бор.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳамда инвеститсиявий имкониятларни кенгайтиришдан иборат. Америка томони, шунингдек, Марказий Осиёда иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ниятида.

Ташриф доирасида Рубио Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирокидаги C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида қатнашади.

Музокараларда минтақанинг иқтисодий боғлиқлиги, энергетика хавфсизлиги ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ бошқа умумий устувор йўналишларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақадаги ҳамкасблари билан учрашади. Савдо ҳажмини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.