Kun.uz мухбири Хўжанд шаҳрида Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан ташриф буюрган таҳлилчилар ва фаоллар билан интеграция жараёнлари хусусида суҳбатлашди.

Қўшни мамлакатлар аҳолиси Марказий Осиё интеграцияси ва Хўжанд декларациясини қандай қабул қиляпти? Бахтиёр Ҳамдамов: Абадий дўстлик декларацияси жуда муҳим ҳужжат. Уни давлатларимиз раҳбарлари ҳеч қандай воситачиларсиз, ўзаро келишув асосида имзолади. Бу жараёнда бошқа давлатларнинг ташқи роли бўлмади.

Бугунги Хўжандда бўлиб ўтаётган иккинчи форум ҳам интеграция йўлидаги навбатдаги қадамдир. Биз кўплаб масалаларда келишдик, Қирғизистон билан орамизда сулҳ ва тотувлик қарор топди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар ҳам ҳозир жуда яхши. У ерда бизни қандай кутиб олишлари, муносабатлар қандай ўзгаргани яққол сезилади.
Энди кейинги босқичда нафақат тинчлик ва тотувликда яшашимиз, балки биргаликда ҳаракат қилиб, тараққиёт томон интилишимиз керак.

Интеграция аслида аллақачон бошланган. Бу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у нафақат бугунги кун, балки келажак авлод учун ҳам мустаҳкам замин яратади. Кейинги авлод бу ҳужжатни ўзига мерос сифатида қабул қилади. Менимча, бундай форумлар кўпроқ ўтказилиши керак.

Уларни ўзимиз ҳам ташкиллаштиришимиз лозим. Йўлларни очиш, чегаралардан ўтишни енгиллаштириш керак. Чунки бу уч халқ, умуман олганда, Марказий Осиёдаги беш давлат халқлари тарихан бирга яшаган. Биз ана шу умумий тарихни асрашимиз керак. Илгари миллий чегаралар ва бугунги маънодаги миллат тушунчалари ҳозиргидек ажратилмаган. Сўнгги икки асрда, аввал империя, кейин совет даврида, халқлар ўртасида турли бўлинишлар пайдо бўлди.

Амангелди Жумабаев: Бундай форумлар бизга жуда керак. Яқинда Ўшда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон элчилари иштирокида савдо диалогини ўтказдик. Унда уч мамлакатнинг божхона хизматлари, туризм соҳаси ва иқтисодиёт вазирликлари вакиллари қатнашди. Барча иштирокчилар бир масалани алоҳида таъкидладилар, интеграция учун мустаҳкам қонунчилик базаси ва ягона қоидалар керак.

Масалан, Ўзбекистонга келадиган туристларнинг қарийб 50 фоизи Тожикистон ва Қирғизистондан келади ва уларнинг катта қисми Ўшга яқин жойлашган “Дўстлик” чегара пункти орқали ўтади.
Айни пайтда бу ерда туристлар 30 дақиқадан бир соатгача навбат кутиб қолаётган ҳолатлар бор. Бу эса, табиийки, уларнинг таассуроти ва кайфиятига салбий таъсир қилади.