Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қош ва киприк ламинацияси уларнинг тўкилишига олиб келадими? Миф ва ҳақиқатлар
Сўнгги йилларда гўзаллик салонларида энг кўп буюртма қилинадиган хизматлардан бири — қош ва киприк ламинацияси бўлди. Ижтимоий тармоқларда бу жараён ҳақидаги мунозаралар эса тинмаяпти. Баъзилар ламинацияни “мўъжизавий” деб таърифласа, бошқалар у киприк ва қошларнинг тўкилишига олиб келади деб ҳисоблайди. Kun.uz мутахассислар фикри ва илмий изоҳлар асосида бу масалага аниқлик киритди.
1-миф: Ламинация илдизларни куйдиради
Ҳақиқат: Ламинация жараёни соч толаси билан ишлайди. Фолликул (илдиз)га кимёвий модда бевосита тегмайди. Агар техника тўғри бажарилса, илдиз бутунлай ҳимояланган бўлади.
Бу фаолият билан 5 йилдан буён шуғулланиб келаётган Дилдора Худойбердиеванинг айтишича, шикастланиш фақат нотўғри усулда ишланганда, яъни кимёвий модда илдиз зонасига тегиб кетганда юз бериши мумкин.
2-миф: Ламинациядан сўнг сочлар кўпроқ тўкилади
Ҳақиқат: Киприк ва қошларнинг табиий тўкилиш цикли мавжуд. Ҳар бир тола 1–3 ойда янгиланади. Агар ламинация пайтида аллақачон тўкилишга тайёр турган толалар тушса, бу кимёвий таъсир билан боғлиқ эмас.
Мутахассисга кўра, “Кўпчилик ламинациядан кейин киприклари кўпроқ тўкилаётгандек ҳис қилади, аслида бу — табиий янгиланиш жараёни”.
3-миф: Ламинацияни қанчалик тез-тез қилсангиз, шунчалик чиройли бўлади
Ҳақиқат: Жуда тез-тез, яъни 4 ҳафтадан кам муддат оралиғида ламинация қилиш тавсия этилмайди. Бунинг оқибатида соч толалари қуриб, мўртлашиши мумкин. Оптимал интервал — 6–8 ҳафта.
Мутахассис фикрича, бу вақт ичида толалар тўлиқ тикланади ва кейинги жараёнга тайёр бўлади.
4-миф: Уй шароитида ҳам бемалол ламинация қилиш мумкин
Ҳақиқат: Ламинацияда ишлатиладиган моддаларнинг концентрацияси юқори бўлгани сабабли, тажрибасиз одамнинг уларни қўллаши натижага путур етказиши мумкин. Бундан ташқари, кўз шиллиқ қавати ёки терига зарар етказиш хавфи мавжуд.
Шу боис мутахассислар уй шароитида ламинация қилишдан қатъиян тийилиш кераклигини таъкидлайди.
Мутахассислар тавсияси:
- Ламинация фақат малакали усталар томонидан бажарилиши керак.
- Жараёндан кейинги биринчи 24 соатда киприк ёки қошларни ҳўлламаслик керак.
- Кимёвий жараёнлар орасида етарлича интервал (6–8 ҳафта) сақлаш зарур.
- Ламинациядан кейин намловчи ва озиқлантирувчи мойлар билан парвариш қилиш тавсия этилади.
Ламинация — тўғри бажарилганда хавфсиз ва самарали натижа берадиган жараён. Энг муҳими, тез-тез такрорламаслик, сифатли материаллардан фойдаланиш ва жараённи профессионалга топширишдир. Шунда қош ва киприкларингиз соғлом, мустаҳкам ва жозибадор бўлиб қолади.