Суюлтирилган газни аҳолига етказишни ИИВ назорат қилади
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокида аҳолини энергетика ресурслари билан таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда кўмирни ва суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш ва ўтказиш, газ баллонларини ўғирлаш ҳолатлари бўйича рақамлар келтирилди. Куз-қиш мавсумида хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир, табиий ҳамда суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Газ баллонларини белгиланган график бўйича етказиш, истеъмолчилардан асоссиз тўлов талаб қилмаслик ва маҳсулотни белгиланган меъёрдан кам бермаслик зарурлиги таъкидланди.
Масъулларга энергетика маҳсулотларини ташишда юклар бутлигини назорат қилиш, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базалари қўриқланишини кучайтириш топширилди.
Буюртма асосида одам ўғирлашда гумон қилинаётган шахслар қўлга олинди
Тошкент шаҳрида одам ўғирлашда гумон қилинаётган икки шахс қўлга олинди. ИИВ Тезкор-қидирув департаментига ватандош ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахслар томонидан машинада олиб қочилганини ҳамда қатъий қаршилик кўрсатгани натижасида қутулиб қолганини баён этган.
Ҳолат юзасидан ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан тадбир ўтказилиб, икки нафар гумондор қўлга олинган. Улар 2003 ва 1998 йилларда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти билан судланган шахслар бўлган. Гумонланувчиларга тегишли машина юкхонасидан ўткир тиғли болта топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «б, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондорлар айби исботланса, 10 йилгача қамалиши мумкин.
Блогер Нилуфар Ҳамидова 7 суткага қамалди
Блогер Нилуфар Ҳамидова маъмурий жазога тортилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида 48 ёшли аёлга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Суднинг қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбли деб топилган.
Аввалроқ блогернинг ижтимоий тармоқларда тарқатган видеолавҳаси эътирозларга муҳокамаларга сабаб бўлганди. У видеолавҳа орқали нимани реклама қилгани ёки нима демоқчи бўлгани маълум эмас.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ўтказиб, блогернинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берган. Унинг ўзи қилмиши учун кечирим сўраган.
Тошкентда кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида бир киши жароҳатланди
Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Воқеа содир бўлганидан сўнг ҳудуд ўраб олиниб, тегишли хизматлар ҳодиса жойида иш олиб борди. Пойтахт ФВБ воқеа сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди. Kun.uz мухбири тафсилотларни ўрганиш мақсадида ҳудудга борганида, яқинроқдан тасвирга олишига рухсат берилмади.
Ҳудуддаги масъуллардан бири журналистларга матбуот хизмати вакиллари келишини кутиш кераклигини ва барча изоҳни улар беришини айтди. Учтепа тумани ҳокимининг матбуот котиби эса ҳодиса жойида тасвирга олишга рухсат берилмаганини айтди.
Жароҳатланган шахс 60 ёшда бўлиб, танасининг 35 фоизи куйгани айтилмоқда.
Айрим ҳудудларда пиёз нархи ошди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сўнгги кунларда пиёз нархи ошгани сабабларини тушунтирди. Вазирликка кўра, 2026 йилда мамлакатда 1,5 млн тонна пиёз етиштириш режалаштирилган. Бу ички истеъмол талабидан 35 фоизга кўп.
Бироқ Сурхондарёда пиёзнинг асосий ҳосили апрель–май ойларида етиштирилади. Айни пайтда вилоят бозорлари Жиззах ва Самарқанддан келтирилаётган маҳсулот ҳисобига таъминланмоқда. Транспорт харажатлари 1 кг учун 350–370 сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозир Сурхондарё бозорларида пиёзнинг чакана нархи 4000 – 4500 сўм атрофида. Вазирлик таҳлилига кўра, айрим ҳолларда савдо маржаси таннархга нисбатан 52,5 фоизгача етмоқда.
Нарх ошишига мавсумийлик, логистика харажатлари, ёқилғи қимматлиги ва воситачиларнинг савдо устамаси таъсир қилмоқда. Шунингдек, аҳолининг пиёзни захирага ғамлаб олишга интилиши талабни оширмоқда.
Сурхондарёда юзлаб одамларни чув туширган фирибгарлар жазоланди
Термизда фаолият юритган «Surkhan autocenter» МЧЖ мансабдорлари 700 нафардан
ортиқ фуқаронинг 35 млрд сўмдан зиёд маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, жазоланди.
Тергов маълумотларига кўра, корхона раҳбари Акмал Тўраев 2024 йилда автомобил ишлаб чиқарувчилар билан шартномаси бўлмаса-да, фуқароларга янги машина олиб беришни ваъда қилиб, улардан пул йиғган. Маблағлар эса шахсий манфаатларга сарфланган. Алданган мижозлар шикоят қила бошлагач, айримларига бошқа шахслардан қиммат нархда сотиб олинган машиналар топширилиб, жараён видеога олинган ва гўёки барча буюртмалар бажарилаётгандек кўрсатилган.
Жиноятда Тўраевнинг қариндошлари ҳам иштирок этгани айтилган. Суд беш нафар судланувчига 5 йилдан 9,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Апелляция суди улардан бирига тайинланган жазони 2,5 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирган ва уни қамоқдан озод қилган.










