Одамлар тузни фақат таомнинг мазаси учун ишлатиладиган оддий зиравор деб билади ва ошхонада қўшиладиган миқдор билан чегараланган деб ҳисоблайди. Аслида унинг асосий қисми инсон танасига тайёр овқатлар, колбаса, чипс, консерва ва нон маҳсулотлари таркибида кириб боради. Шу сабабли кўплаб инсонлар ўзи билмасдан меъёрдан икки-уч баробар кўпроқ туз истеъмол қилади. У организм учун зарур ҳисобланган моддалардан бири бўлса-да, керагидан ортиғи қон ҳажмини ошириб, юрак ва томирларга ортиқча босим беради. Натижада артериал гипертензия, инсулт, юрак хуружи каби касалликлар хавфи бир неча баробар ортади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) катталар учун кунлик туз истеъмолини 5 граммдан (бир чой қошиқ) оширмасликни тавсия қилади. Аммо статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда бу миқдор икки, ҳатто уч баробар ортиқ бўлади. Масалан, глобал миқёсда кунлик ўртача натрий истеъмоли кунига 4310 мг (10.78 грамм тузга тенг)га тенглиги маълум қилинган. Бу эса тавсия этилган миқдордан анча юқори.
Яширин туз манбалари
Кўпчилик туз истеьмолини фақат ошхонада ишлатилган миқдор билан ҳисоблайди, аммо унинг асосий манбалари қуйидаги ярим тайёр маҳсулотлар орқали танага киради:
- колбаса ва сосиска маҳсулотлари;
- консервалар;
- чипс, тузли ёнғоқлар;
- нон ва нон маҳсулотлари.
Бу маҳсулотларда туз миқдори белгиланганидан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. Тузни керагидан ортиқ ейиш қуйидаги касалликларга сабаб бўлади:
Қон босими ошиши
Туздаги натрий организмда сувни ушлаб қолиш хусусиятига эга. Бу қон ҳажмини кўпайтириб, томирларга юкламани оширади, натижада артериал гипертензия, яъни юқори қон босими юзага келади. Қон босимининг сурункали ошиши эса юрак хуружи, инсулт ва буйрак етишмовчилиги хавфини бир неча баробар кўпайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тузни 1 граммга камайтириш ҳам қон босимини пасайтириши ва юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтириши мумкин.
Буйракларга ортиқча юклама
Буйраклар организмдаги ортиқча натрийни сийдик орқали чиқариб ташлайди. Тузни керагидан ортиқ истеъмол қилганда ушбу органлар доимий зўриқиш режимида ишлайди. Мазкур жараён узоқ муддат давом этса, буйрак фаолияти секинлашиб, сурункали касалликлар ривожланади. Бундан ташқари, юқори миқдордаги натрий истеъмоли сийдикда калцийнинг кўпайишига олиб келади, бу эса буйрак тошлари ҳосил бўлиш хавфини оширади.









