Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Корея Республикасида ўтказилган Халқаро илмий жанговар тайёргарлик мусобақасида муносиб иштирок этди.
Ушбу нуфузли мусобақада АҚШ, Озарбойжон, Австралия, Полша каби жами 7 та мамлакатнинг 12 та жамоасидан 500 нафарга яқин иштирокчи ўзаро куч синашди. Бу жараёнларни Туркия, Мексика, Филиппин, Малайзия сингари 8 та давлат ҳарбийлари кузатиб борди.
2023 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур мусобақанинг бу йилги босқичида дастлаб иштирокчилар тоғли, ўрмонли, шаҳар ҳудудларида жанг олиб бориш шартларини бажарган. Сўнгра бир вақтнинг ўзида ҳар учала ҳудуд шароитида жанг олиб бориш босқичида куч синашган.
«Ҳар қандай мутахассисдан катта тажриба ва маҳорат талаб этадиган шартлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун қийинчилик туғдирмади. Улар турли йўналишларда рекорд натижаларни қайд этди. Хусусан, ҳарбийларимиз тоғли ҳудудда мудофаада турган шартли душман кучларини талафотларсиз тўлиқ яксон қилиб, 7 та байроқни қўлга киритди. Шу кунга қадар ҳеч бир жамоа бундай натижани қайд этмаган», – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.




Шаҳар шароитида жанг олиб бориш шартида ҳам мудофааланаётган шартли душманга ҳужум уюштириб, барча объектларни ва 7 та байроқни қўлга киритди. Бу муваффақият ҳам аввал ҳеч бир жамоа томонидан эришилмаган.
Шунингдек, ўзбекистонлик ҳарбийлар жамоаси шаҳар шароитида жанг олиб боришда мудофаа объектларини ушлаб туриш бўйича ҳеч бир жангчини йўқотмаган ҳолда 7 та объект ва барча байроқларни қўлга киритиб, рекордни янгилаган.


Якунда умумий ҳисобда 316 балл билан Ўзбекистон жамоаси 1-ўринни эгаллаган. 212 балл тўплаган Камбожа 2-ўринни, 192 баллга эга бўлган мезбон Корея жамоаси 3-ўринни қўлга киритган.




















