Жаҳон | 12:53 / 20.08.2025
2739
2 дақиқада ўқилади

Россияда тўққизта соҳада мигрантлар учун иш квоталарини қисқартириш таклиф этилди

Қурилиш, сабзавот етиштириш, ёғоч тайёрлаш, умумий овқатланиш ва бошқа соҳаларда иш квоталари қисқартирилиши мумкин.

Фото: Андрей Гордеев / Ведомости

Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилда тўққизта иқтисодий фаолият турида хорижий ишчилар улушини камайтиришни режалаштирмоқда. Баъзи соҳаларда у нолга туширилиши мумкин.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, қурилиш соҳасида хорижий ишчилар улуши 80 фоиздан 50 фоизгача қисқартирилиши мумкин. Сабзавот етиштириш ва ёғоч тайёрлаш соҳасида - 50 фоиздан 40 фоизгача. Умумий овқатланиш ташкилотларида иш ўринларининг камида ярми Россия фуқароларига бириктирилиши мумкин. Илгари бу соҳада чекловлар бўлмаган.

2026 йилда алкогол ва тамаки савдоси соҳасида чет элликларни ишга жойлаштириш бутунлай тақиқланиши мумкин. 2025 йилда квота 15 фоиз этиб белгиланган. Келгуси йилда ҳам мигрантларни дорихоналар, ностационар савдо объектлари ва бозорларда чакана савдо соҳасида ишга жойлаштиришга қўйилган тақиқни сақлаб қолиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, қарор лойиҳаси билан Россиянинг 29 та субъектида минтақавий хусусиятларни белгилаш таклиф қилинмоқда, улардан 14 тасида айрим фаолият турларида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улуши камайтирилмоқда. Улар орасида Удмуртия, Забайкалье, Красноярск ва Приморье ўлкалари, Яҳудий автоном вилояти, Амур, Новосибирск, Оренбург, Орлов, Самара, Твер, Тула, Уляновск ва Челябинск вилоятлари бор.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги айрим ҳудудларда қўшимча чекловлар жорий этишни таклиф қилмоқда. Масалан, Амур вилоятида чет элликларга озиқ-овқат ишлаб чиқариш, машиналарни таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун ветеринария фаолияти соҳаларида ишлаш тақиқланиши мумкин. Уляновск вилоятида тақиқ йўловчи ташиш соҳасида мигрантларни ишга жойлаштиришга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид