Сешанбадан бошлаб иш ҳафтаси охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +20…+25 даражагача, кундузи +32…+37 даражагача, баъзи жойларда +30 даражагача пасаяди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон аҳолиси ниҳоятда иссиқ об-ҳаво шароитини бошдан кечирди. Ҳаво ҳарорати энг юқори кўрсаткичи +43…+45 даража, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +46…+49 даражагача кўтарилди. Якшанбадан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасая бошлади.
Душанбада чўл ҳудудларда, сешанбада эса республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасайиши кузатилади.
20–24 июл кунлари Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 21 июлда Қорақалпоғистон Республикасида ва 22 июлда Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда айрим жойларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
20–22 июл кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди.
Душанба куни кундузги ҳаво ҳарорати +41…+43 даража, сешанба кечаси +25…+27 даража, кундузи +36…+38 даража бўлади. 22–24 июл кунлари кечаси +20…+23 даражагача, кундузи +31…+34 даражагача пасаяди.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 12–15 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.







