Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар Р.А., Т.Ш. ҳамда B.R. ва A.A. МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктиргани аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, улар гўёки 16,6 млрд сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирган. Шунингдек, маҳсулотлар сотилгани тўғрисида назорат-касса машиналари орқали сохта киримлар амалга оширилиб, жами 3 106 та харид чеки шакллантирилган.

Ушбу чеклар асосида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номига Soliq Mobile иловаси орқали «кешбэк» маблағлари расмийлаштирилган. Оқибатда давлат бюджети ҳисобидан 1,9 млрд сўм маблағ ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.