Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Семириш ҳаракатсизликка боғлиқмас, залга чиқиб ҳам вазн ташлолмаётганлар бор” – диетолог
Сўнгги йилларда озиш ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинадиган мавзулардан бирига айланди. Instagram’да кенг тарғиб қилинадиган рекламалар орқали одамлар онгида вазн ташлаш фақат қисқа муддатли “диета”, залга бориб шуғулланиш, оздирувчи дори ва чойлар ичишга боғлиқдек тасаввур шаклланади. Аслида эса мазкур усуллар фақат ташқи кўринишда тезкор ўзгариш ҳосил қилади, аммо муаммонинг илдизига таъсир этмайди, яъни ёғ тўқималарини парчаламайди. Шифокор, диетолог Феруз Йигиталиев Kun.uz билан суҳбатда семиришнинг асосий сабаблари ва вазн ташлашда қайси усуллар самаралироқ бўлиши ҳақида гапириб берди.
Ўтган асрнинг 60–80 йилларида ортиқча вазн, айниқса, семизлик, деярли кам учрарди. Ҳозир эса нафақат катталар, балки болаларда ҳам ушбу муаммо кузатилмоқда. Статистик маълумотлар сўнгги 30–40 йил ичида семизлик даражаси глобал миқёсда икки баравар ошганини кўрсатади. Хусусан, ЖССТ маълумотларига кўра, 1990 йилдан 2022 йилгача семизлик билан яшовчи 5-19 ёшли болалар ва ўсмирлар улуши бутун дунё бўйлаб 2-4% дан 8% гача, семизлик билан яшайдиган 18 ва ундан катта ёшдагилар улуши эса 7% дан 16% гача кўтарилган.
Илгари семириш фақат юқори даромадли мамлакатларда учрайдиган муаммо ҳисобланган бўлса, ҳозирда айрим ўрта даромадли давлатларда ҳам ортиқча вазн ва семириш даражаси юқори кўрсаткичларда қайд этилаётган ҳолатлар мавжуд. Феруз Йигиталиевнинг таъкидлашича, бунга асосий сабаб одамларнинг энергия баланси бузилишида, яъни истеъмол қилинадиган калориялар миқдори сарфланадиган энергиядан ортиқ бўлишидадир.
“Бугунги озиқ-овқат бозори тезпишар, ширин ва ёғли маҳсулотлар билан тўлиб-тошган. Қулайлиги сабабли бундай таомлар кўпчиликнинг кундалик рационига кириб қолган. Газли ичимликлар, ширинликлар, фастфуд ва ярим тайёр маҳсулотлар кўп калорияга эга бўлиб, организм учун зарур бўлган витамин ва минералларни етарли даражада бермайди. Натижада энергия тез тўпланади, аммо сарф бўлмайди”, – дейди диетолог.
Шифокорнинг сўзларига кўра, бугунги стрессларга бой ҳаёт тарзида озиқ-овқат фақатгина физиологик эҳтиёжни қондириш воситаси эмас, тушкунликни аритиш, кайфиятни кўтариш омилига ҳам айланган. Одамда хафалик ҳолати юқори бўлса, унинг танасида “эмоционал очлик” юзага келади. Натижада инсон оч бўлмаса ҳам овқат ейди, бу эса ортиқча калория тўпланишига сабаб бўлади.
“Озиш масаласи ҳақида гап кетганда кўпчилик “спорт залида соатлаб шуғулланиш ёки кунига ўнлаб километр югуриш керак, шунда натижага тезроқ эришаман”, деб ўйлайди. Аслида эса калория йўқотишнинг атиги 5 фоизигина жисмоний фаолликка боғлиқ. Бу, албатта, кўп ҳаракатлиликнинг фойдасини инкор этмайди, лекин вазн камайтиришда асосий омил тўғри таом танлаш ва порцияни назорат қилишга боғлиқ”, – дейди Феруз Йигиталиев.
Диетолог соғлом озиш мавзусига тўхталар экан, онгли тарзда вазн ташлаш учун инсоннинг қабул қилаётган калориясидан сарф қилаётгани кўп бўлишига аҳамият берилиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, нон маҳсулотлари, газли ичимликларни истеъмол қилиб ҳам вазн ташлаш мумкин, бунда миқдорни озайтириш ва айнан ўша маҳсулотларнинг зарарсиз, алтернатив вариантларидан фойдаланиш талаб этилади.
“Кимгадир нонни умуман ема, колани рационингдан бутунлай чиқариб ташла деб, уни оздира олмайсиз. Организм бу тақиққа 3 кун, нари борса 1 ҳафта чидаши мумкин, лекин вақт ўтиб мазкур “қарздорлик”ни фоизлари билан қайтаради. Яъни организм тақиқланган маҳсулотни янада кучлироқ истай бошлайди. Натижада одам нафсини тия олмай, белгиланган “чегарани” бузади ва кўп миқдорда ўша маҳсулотни истеъмол қилади. Бу психологияда “чеклов парадокси” деб аталади — қанчалик кўп тақиқласангиз, шунчалик қаттиқ хоҳлайсиз.
Онгли озишда эса тақиқлар эмас, танлов устига қуриладиган ёндашув тавсия этилади. Масалан, рациондан нонни бутунлай чиқариб ташлаш ўрнига унинг миқдорини камайтириш ёки оқ унли нонни қора ёки бутун донли нон билан алмаштириш мумкин. Ширин ичимликларни эса ҳафтада бир марта “завқ” сифатида истеъмол қилиш, қолган пайтда уларнинг ўрнига сув ёки табиий лимонад ичиш лозим”, – дейди шифокор.
Унинг таъкидлашича, диеталар ҳар доим ҳам самара бермайди, чунки уларнинг аксарияти қисқа вақт ичида эришиладиган натижага қаратилган ва инсоннинг узоқ муддатли овқатланиш одатларини ўзгартирмайди. Таомланишдаги кучли чекловлар, севимли таомлардан бутунлай воз кечиш, калорияни кескин камайтириш организмни “стресс режими”га олиб киради. Бу ҳолатда метаболизм секинлашади, мушак массаси камаяди, лекин ёғ захиралари сақланиб қолади. Натижада, диета тугагач, одам аввалги одатларига қайтади ва йўқотилган вазнни икки баробарга кўпайтириб олади.
Шифокор ижтимоий тармоқларда “тез оздириш”ни ваъда қилиб тарғиб этилаётган усуллар ва уларнинг организмга қандай таъсир кўрсатишига ҳам изоҳ берди:
Массаж озишда қўшимча восита сифатида ишлатилади, қон айланишини яхшилайди, лимфа оқимини фаоллаштиради ва тери ости суюқликларининг тарқалишига ёрдам беради. Лекин у ёғ ҳужайраларини бевосита йўқ қилмайди, шунчаки тана шаклини бироз яхшилайди ва шишларни камайтиради. У фақатгина тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик билан бирга самара бериши мумкин.
Оздирувчи чой ва препаратлар кўпинча диуретик ёки лаксатиф (ич сурувчи) таъсирга эга бўлади. Бу воситалар организмдан суюқликни чиқаради, бироқ ёғ массасини камайтирмайди. Оқибатда инсонда бир неча кун ичида вазн камайгандек туюлади, лекин бу аслида танада сув йўқотилиши бўлади. Суюқлик қайта тўпланганда, вазн ҳам қайтади. Бундай препаратларни узоқ муддат давомида истеъмол қилиш электролит балансининг бузилиши ва турли соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин.
Липолитик инъекциялар ёғ ҳужайраларини кимёвий моддалар ёрдамида парчалаш усули ҳисобланади. Улар, асосан, юз ва тананинг кичик соҳаларига (масалан, ияк ости, бел ёнлари) қўлланади. Натижа эса сеанслар сони ва организмнинг индивидуал реакциясига боғлиқ бўлади. Липолитиклар жарроҳлик аралашувисиз танани шакллантиришга ёрдам беради, аммо катта миқдорда ёғ тўпланишини бартараф этишда уларнинг самараси чекланган.
Липосакция жарроҳлик йўли билан ёғни механик тарзда сўриб олиш усули бўлиб, у қисқа вақт ичида сезиларли визуал ўзгариш беради, лекин ҳаёт тарзи тўғриланмаса, ёғ қайта тўпланади. Шунингдек, липосакция вазн йўқотиш воситаси эмас, балки тананинг муайян қисмларидаги ёғни камайтириш учун ишлатилади. Операция инфекция тушиши каби маълум хавфларни юзага келтириши мумкин.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Журналист: Диёрахон Набижонова
Операторлар: Боймирза Ҳалилов, Бобур Анваров
Монтаж устаси: Абдуллоҳ Ҳасанов
Мавзуга оид
14:49 / 23.07.2025
Соғлом озишни истаган аёллар учун: ишончли диетологни қандай танлаш керак?
17:46 / 15.04.2025
Жонни хатарга қўйиб... “Ошқозон”сиз озиш орзуси ҳақида
09:11 / 20.12.2023
Секин овқатланиш орқали ортиқча вазндан халос бўлиш мумкин – тадқиқот
16:08 / 04.12.2023