Исроил мудофаа вазири Ғазо шаҳрини оккупация қилиш режасини тасдиқлади. Расман 20 август куни бошланган операция “Гидеон жанг аравалари – 2” деб номланди ва Ҳамасни тўлиқ йўқ қилишни мақсад қилган. “Геосиёсат” дастурида Ғазо ва унинг атрофидаги сўнгги воқеалар юзасидан сиёсатшунослар Шавкат Икромов ва Алоуддин Комилов сўз юритади.

Ғазо атрофидаги вазият қандай ва Исроилнинг “Гидеон аравалари-2” операциясидан асосий мақсад нима?

Шавкат Икромов: 2023 йил октябридан буён Ғазодаги вазият тинимсиз ёмонлашиб бормоқда. Бошланган ҳарбий тўқнашувлар чуқур гуманитар инқирозга айланган. Озиқ-овқат танқислиги, очарчилик, касалликларнинг тарқалиши ва тинимсиз бомбардимонлар натижасида қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Томонлар ўртасида муросага эришиш борасида ҳеч қандай ютуқ йўқ. Миср ва Қатар каби давлатларнинг воситачилик уринишлари ҳам самарасиз бўлди. Бу давлатлар эндиликда фаол воситачилик ролини ўйнай олмаяпти. 20 дан ортиқ Ғарб давлатлари, жумладан, Германия, Буюк Британия, Украина ва Франция Исроилга халқаро журналистлар ва мустақил текширувчиларни Ғазога киритиш талабини қўймоқда. Бу талаб айниқса Ғарб давлатлари томонидан кучли қўлланмоқда. Араб ёки мусулмон давлатларидан эса бу борада унча катта босим кузатилмаяпти.

Дастлаб очарчилик ҳақидаги маълумотларга айрим доиралар ишончсиз деб қараган бўлса, яқинда Исроилнинг ўзидаги олимлар ва тиббиёт мутахассислари Ғазода кенг кўламли очарчилик мавжудлигини тасдиқловчи ҳисоботлар эълон қилди.

Исроил армияси томонидан олиб борилган “Гидеон аравалари” номли ҳарбий амалиёт икки босқичдан иборат. Биринчи босқичи май ойида бошланиб, августгача давом этди. Расмий баёнотларга кўра, бу операция муваффақиятли бўлмаган, натижада ҳозир иккинчи босқичи бошланди. Операция номи диний манбадан олинган бўлиб, яҳудийлар муқаддас китобидаги Гидеон образига таянган. Бу образ тарихий жиҳатдан душманларга қарши мутлақо шафқатсиз курашни англатади.

Дастлабки “Гидеон аравалари” операциясидан мақсад – Ҳамасни йўқ қилиш, ташкилотни ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан заифлаштириш; Ғазонинг айрим ҳудудларини назоратга олиш, тўлиқ эгаллаш эмас, балки стратегик ҳудудларда назоратни сақлаб қолиш; озиқ-овқат тарқатиш устидан назоратни қўлга олиш эди.

Исроил озиқ-овқат ёрдамларини тарқатиш пайтида Ҳамас аъзолари тинч аҳоли қиёфасида ёрдамларни эгаллаб олаётгани, шу сабабли озиқ-овқат тақсимотини ўз назоратига олиши зарурлигини даъво қилди. Шу сабабли марказий ва жанубий ҳудудларда штаблар ташкил қилиниб, тақсимот жараёнига аралашилди. Аммо кўплаб ҳолатларда озиқ-овқат олишга келган тинч аҳолига қарата ўқ узилди.