Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида камбағалликни қисқартириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда кредит, субсидия ва компенсация шартларини фармон ва қарорлар билан белгилаш амалиётидан воз кечилиши маълум қилинди.
Энди Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради.
Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўтказади.
Бунинг учун 8992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари вазифа бажарувчи этиб тайинланади, фидойи ва ташаббускор кадрлар лавозимига қайта тайинланиб, ишига нолойиқлар янгиланади.
Мутасаддиларга икки ойда ўқув маркази ташкил этиб, хориждан мутахассислар жалб қилиш вазифаси қўйилди. Ушбу марказда ҳоким ёрдамчилари “лойиҳабай” ишлашга ўқитилади.
Вилоят штаблари йил якунида ҳар бир тумандан энг яхши икки нафар ҳоким ёрдамчисини Хитой, Япония ва Туркияга малака оширишга юборади.
Энг намунали ҳоким ёрдамчиларига алоҳида малака даражаси берилиб, 50 фоизгача устама тўланади.
Маҳалла банкирларини ҳам шу тартибда ўқитиш ва уларнинг хорижий стажировкасини ташкил этиш топширилди.
Бош прокуратурага банкирлар ва ҳоким ёрдамчиларининг мустақил қарор қабул қилишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш вазифаси белгиланди.

Жойлардаги тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларини юритиш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади.
Ҳозир бу масалалар асосан вилоят даражасида ҳал қилинаётгани ишларнинг чўзилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Туманни лойиҳаларнинг буюртмачисига айлантириш ва маблағларни бевосита жойларга йўналтириш ишларни тезлаштириши таъкидланди. Оғир маҳаллаларда иш ўрни яратишга қаратилган маҳаллий маблағларга республикадан 2-3 карра кўп ресурс қўшиб бериш таклиф қилинди.
Энди тадбиркорлик инфратузилмаси учун туманга бериладиган маблағлар ҳисобидан лойиҳа ишлаб чиқишга туман штаби раҳбари масъул бўлади.








