Бир неча йил аввал ҳомиладор аёллар туғуруқхонага йўл олганда, асосий савол «фарзандимни соғ-саломат дунёга келтира оламанми?» бўлган бўлса, бугун унга яна бир савол қўшилмоқда: «Табиий равишда туғаманми ёки кесарча кесиш амалиёти биланми?» Kun.uz мазкур долзарб мавзуга бағишлаб кўрсатув тайёрлади. Унда соҳа мутахассислари, шифокорлар ва бу жараённи ўз бошидан ўтказган қаҳрамонлар иштирокида кесарча кесиш амалиётининг кўпайиш сабаблари, унинг салбий асоратлари ҳамда бу борада қабул қилинаётган янги ҳуқуқий тартиблар муҳокама қилинди.
Жамоатчиликнинг кесарча кесишга муносабати: осон йўлми ёки зарурат?
Жамоатчилик орасида эса кесарча кесишга муносабат турлича. Кимдир уни туғуруқ оғриғидан қочишнинг осон йўли деб ҳисобласа, бошқалар фақат тиббий зарурат бўлгандагина операция қилиниши керак деб билади. Сўровномада иштирок этган аёллар ҳам бу борада турли фикрларни билдирди. Айрим иштирокчилар кесарча кесишни аёлларнинг туғуруқ оғриғига чидамсизлиги ва осонроқ йўлни танлаши билан боғлади. Бошқалар эса операциянинг ўзига хос қийинчиликлари борлигини, бироқ тиббий зарурат туғилганда унинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.
«Энди, албатта, табиий туғган яхши деб ўйлайман, бекорга Худойим шунақа яратмаган. Табиий туғган барибир яхши. Лекин операция барибир операция. Шунчаки дардга чидамасдан кўпчилик ҳозир кесарчани танлаяпти. Дардга чидамаслик, кейин ҳозир жудаям нозик-да, кўпчилик, бақувват эмас барибир. Шунинг учун кесарчани танлашяпти, кучи етмайди», — деди сўровномада иштирок этган аёллардан бири.
Кесарча кесиш кўпаймоқда: асосий мезон энди фоиз эмас
Кесарча кесиш амалиётига мурожаатлар сони сўнгги йилларда ортиб бормоқда. Бунга замонавий диагностика усулларининг ривожланиши, ҳомила ва онадаги айрим ҳолатларни эрта аниқлаш имконияти, шунингдек, ЭКО орқали ҳомиладорликлар кўпайиши каби омиллар таъсир қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич йил сайин ўсган: 2023 йилда кесарча кесиш амалиётлари республика бўйича 20–21 фоизни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда 24–26 фоизгача ошган. 2025 йил якунига келиб эса бу кўрсаткич 27–28 фоиз атрофида бўлган.
Юлдуз Эшонова кесарча кесиш фақат тиббий эмас, балки ижтимоий тус олиб, аёлларнинг туғуруқ оғриғидан қўрқиб, ўз хоҳиши билан операцияни талаб қилаётганини очиқлади. Мамлакатдаги рақамлар жаҳон стандартларига нисбатан пастроқ бўлса-да, йил сайин ошиб бораётганини таъкидлади.
«Мана, Туркия давлатида, диагностикани биласиз, уларда кесарча кесиш амалиёти 62 фоизни ташкил қилади. Европа мамлакатларида 42 фоиз. 2025 йилнинг охирига келиб эса бу республикамиздаги умумий кўрсаткичимиз 27–28 фоизни ташкил этади. 1985 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “10 фоиздан 15 фоизгача қилинглар” деган бўлса, 2015 йилда “Йўқ, муассасалар, тўхтанг, биз жарроҳлик амалиётини фоиз миқдорида эмас, унинг ўтказилиш сифати, қайси даражада, кимга тўғри амалга оширилаётганига қараб баҳо беришимиз керак, бунинг сабабларини аниқлашимиз керак ва шу сабабларини керакли йўналишда камайтиришга ҳаракат қилишимиз керак”, деган тенденцияни олдинга суриб чиқди», — дейди у.






