Георгий Паресишвили Тошкент фонд биржаси раҳбари лавозимини тарк этди, дея маълум қилди ташкилот матбуот хизмати.

Паресишвили ушбу лавозимда 2022 йил сентябридан буён ишлаб келаётган эди. Қарор унинг меҳнат шартномаси муддати тугагани сабабли қабул қилинди, дейилади хабарда.

Кузатув кенгаши қарорига кўра, биржа бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Тошов Файзулла Муратович тайинланди.

У меҳнат фаолиятини 2001 йилда «Ўзсаноатқурилишбанк»да бошлаган, 2005 йилдан буён депозитар тизимда ишлаб келмоқда. Хусусан, 2024 йилдан Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида Депозитар хизматлар ва ҳисоб-китоб-тўлов операциялари бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган.