Чоршанба куни эрта тонгда бутун Франция бўйлаб Bloquons Tout («Ҳамма нарсани блоклаймиз») ҳаракати томонидан ташкил этилган норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар автомагистралларни тўсиб, темирйўл транспорти фаолиятини издан чиқарган. Расмийларга кўра, ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.

Ички ишлар вазири Бруно Ретайо чоршанба куни эрталаб журналистларга мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучларининг 80 минг ходими (Парижда 6 минг) жойлаштирилгани ҳақида маълум қилди. Франция оммавий ахборот воситалари намойишларда 100 минггача одам иштирок этишини кутмоқда.

«Биз бутун мамлакат бўйлаб акцияларга олиб келадиган сафарбарликка дуч келиш хавфи остида турибмиз», – деган Ретайо.

Унинг сўзларига кўра, аллақачон 200 га яқин одам ҳибсга олинган.

Ретайонинг қайд этишича, Бордо шаҳрида капюшонка кийган 50 га яқин киши йўлларни тўсиб қўйишга ҳаракат қилган, Тулузада эса кабел линиясидаги ёнғин Франция жануби-ғарбидаги Тулуза ва Ош ўртасидаги ҳаракатда узилишларга олиб келган.

Парижда Миллат майдони яқинида намойишчилар ёнаётган чиқинди қутиларидан баррикада қуриб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйишди ва бир неча тўқнашувлардан сўнг полиция уларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборди.

Парижда ҳам тунда алоҳида акциялар бўлиб ўтган, бироқ вазир тафсилотларни келтирмади. Париж полицияси ҳозиргача 75 киши ҳибсга олинганини маълум қилди, бироқ бу одамлар қаерда ва нима учун ҳибсга олингани ҳақида ҳам батафсил маълумот берилмади.

Vinci автомобил йўллари оператори Франция бўйлаб, жумладан, Марсел, Монпеле, Нант ва Лион автомобил йўлларида норозилик намойишлари ва йўллардаги ҳаракатда кузатилаётган узилишлар ҳақида хабар берди.

Франциянинг давлат темирйўл оператори SNCF ўз фаолиятида (TER ва Intercités поездлари ҳаракатида) узилишлар бўлишига тайёрланмоқда. Норозилик намойишлари TGV тезюрар поездлари тармоғига таъсир қилмаслиги кутилмоқда.

Бугун эрталаб SNCF ўтган тунда «икки ёвузлик акти» Франция жанубидаги баъзи поездлар ҳаракатини тўхтатиб қўйганини маълум қилди.

Мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Ло-э-Гаронна департаменти ҳудудидаги Марманд ва Ажен шаҳарлари оралиғида иккита «кабел шикастланиши» аниқланди, бу «Бордо ва Тулуза ўртасидаги темирйўл қатнови бузилишига олиб келди», деб хабар берди SNCF. Тулуза чеккасидаги Коломя шаҳридаги яна бир шикастланиш поездлар ҳаракатида узилишига олиб келган.