Стадион The Line — «Кўзгули чизиқ» деб аталувчи улкан шаҳар лойиҳасининг бир қисми бўлиши керак эди. Дастлабки режада узунлиги 170 километрга етадиган ушбу чизиқсимон шаҳар NEOM мегалойиҳасининг марказий объекти сифатида тақдим этилган.

Арена эса баланд иншоот таркибида, ер сатҳидан тахминан 350 метр юқорида жойлашиши кўзда тутилган. Саудия Арабистонининг жаҳон чемпионатини ўтказиш учун берган аризасида у «дунёдаги энг ноёб стадион» сифатида таърифланган.

Reuters вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, лойиҳа номаълум муддатга тўхтатилганини хабар қилди. Бироқ Саудия расмийлари стадион қурилишининг тўхтатилиши ҳақида очиқ баёнот бермаган.

Бу хабар The Line лойиҳасининг ўзи ҳам кечикишлар ва кўламни қисқартириш жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда тарқалди. Шу боис уни дастлаб режалаштирилган ҳажмда амалга ошириш истиқболи ҳам савол остида қолмоқда.

NEOM стадиони 2034 йилги жаҳон чемпионати учун таклиф этилган 15 аренадан бири эди. Саудия Арабистони турнирни Ар-Риёд, Жидда, Ал-Хубар, Абҳа ва NEOM ҳудудларида ўтказишни режалаштирган.

Дастлабки режаларга кўра, мусобақагача 11 та янги стадион қурилиши, яна тўртта мавжуд арена эса реконструкция қилиниши ёки кенгайтирилиши керак.

Ҳозирча NEOM стадиони ўрнига бошқа арена таклиф этиладими ёки турнирда фойдаланиладиган стадионлар сони камаядими — маълум эмас. Бошқа стадионлардаги қурилиш ва янгилаш ишлари эса давом этмоқда.

2025 йилда Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси The Line лойиҳасининг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини баҳолаш учун маслаҳатчиларни жалб қилган эди. Бу қадам улкан лойиҳа харажатлари ва кўлами қайта кўриб чиқилаётганининг белгиси сифатида баҳоланган.