Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кирди.

Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, маҳалланинг шароити оғир, ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.

Президент оғир аҳволдаги маҳалла биносини бориб кўрди ва у ерда мутасаддилар билан гаплашди.

«Биз мақтаниб Наманган чиройли, Наманган гуллар шаҳри деяпмиз, бу ер-чи? Бу ер қачон гуллар шаҳри бўлади?» – дея танқид қилди у объектни кўрсатиб.

Масъуллардан бири тегишли саволга жавобан ҳозирда вилоятдаги 54 маҳалладан 4 таси мана шундай оғир аҳволда эканини айтган.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга топшириқ берди. «Бугун қарор қабул қиласан – туман ҳокими келиб мана шу ерда ётади. Бу ердаги одамлар одам эмасми?» деган давлат раҳбари.

Шўрариқ маҳалласи раиси президентга «маҳалла еттилиги» ташкил этилгани учун раҳмат айтди.

«Ойлик оляпсиз-ку, ё олмаяпсизми? Ҳаракатларингиз сизларни бошқача бўлади, одамга яқинлашасизлар. Халқ билан давлат орасида кўприк бўласизлар, деб ҳаракат қилганмиз. Бу ерда қанақа „еттилик“? Қани „еттилик“?» – савол берди давлат раҳбари.

Маҳалла раиси ҳудуд тез орада камбағалликдан холи ҳудудга айланишини ваъда берган.

«Биласизларми, бунақа жойларимиз бизга ярашмайди, баракамиз кетади. Ота-бобомизга ҳам, Наманганга ҳам, урф-одатимизга ҳам, ўзлигимизга ҳам ярашмайди бу жойлар», – дея тушунтирди президент.

Шундан сўнг президент маҳалла аҳли билан учрашди ва уларнинг фикрларини тинглади.

«Бугун Наманганга келиб, одамларни рози қилиш, қадрини кўтариш, янги режаларни амалга оширишга келдик.