Россия қўшинлари 20 сентябрга ўтар кечаси Украина ҳудудларига ракета ва дронлар билан ёппасига зарба берди. Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, 19 сентябр куни кечқурун Россия қуролли кучлари Украинага 579 та «Shahed» типидаги дронлар ва имитатор дронлар, шунингдек, 40 та ракета учирган.

Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA

Маҳаллий расмийларга кўра, Днипропетровск, Миколайив, Черниҳив, Запорижжя, Полтава, Киев, Одесса, Суми, Хмелницкая ва Харкив областлари зарба остида қолган.

Днипрода кассетали ўқ-дорилар ўрнатилган ракета кўп қаватли турар жой биносига келиб тушди, деди Украина президенти Володимир Зеленский. Шаҳарда ёнғинлар содир бўлган. Маҳаллий расмийлар берган сўнгги маълумотларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан бир нафари ҳалок бўлган, яна 36 нафари яраланган. Саккиз нафар жабрланувчи шифохоналарда қолмоқда.

Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA
Ukrainian Emergency Service / AFP / Scanpix / LETA

Хмелницкая областида яна бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.

Черниҳив области расмийлари ҳам бир киши ҳалок бўлгани ва саккиз киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, дронлар Киев шаҳри ва Киев областига ҳужум қилди.

«Душман ҳужуми оқибатлари Буча, Бориспол ва Обухов районларида қайд этилмоқда. Бориспол районида 10 га яқин гараж биноларига зарар етган. Обухов районида душман ҳужуми оқибатида хусусий турар жой биносида ёнғин содир бўлди», - дейилади област ҳокимлиги хабарида.

Буча районида уриб туширилган нишон бўлаклари қулаши оқибатида бешта енгил автомобил ёниб кетган.

«Бундай зарбаларнинг ҳар бири – ҳарбий зарурат эмас, балки Россиянинг тинч аҳолини қўрқитиш ва инфратузилмамизни вайрон қилиш бўйича онгли стратегиясидир. Айнан шунинг учун кучли халқаро жавоб керак, – деди Зеленский. – Украина ўзини ва Европани ҳимоя қила олишини исботлади, аммо ишончли қалқон учун [биз] биргаликда ҳаракат қилишимиз керак: ҳаво мудофаасини кучайтириш, қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш, Россия ҳарбий машинаси ва уни молиялаштирувчи соҳаларга қарши санкцияларни кенгайтириш».