Пайшанба куни Россия реактив дрони Днипродаги темирйўл вокзалига ҳужум қилди. Бу ҳақда област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Ганжа маълум қилди.
«Днипрода россияликларнинг темирйўл вокзалига ҳужуми оқибатида 14 киши яраланди. Шундан 13 нафари шифохонага ётқизилган. Олти нафарининг аҳволи оғир. Улар орасида 11 ёшли бола ҳам бор. Жабрланувчиларнинг барчасида кўп сонли осколка жароҳатлари бор. 40 ёшли эркакнинг иккала оёғи ҳам ампутация қилинган», – деб ёзди Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Ганжа телеграм-каналида.
«Укрзалізниця» темирйўл компанияси маълум қилишича, зарба Днипро – Запорижжя йўналишидаги йўловчи поезди турган платформага тўғри келган.
«Хавф юқорилиги ҳақидаги огоҳлантиришга қарамай, платформада одамлар бўлган», – дейилади хабарда.
«Укрзалізниці» вакили Олександр Шевченко эвакуация ҳақидаги эълондан 13 дақиқа ўтиб портлаш рўй берганини хабар қилган. «Барча доимий хавф-хатарга ўрганиб қолган фронт яқинидаги шаҳарларда ҳам эвакуация ҳақидаги эълонга реакция кўрсатиш жуда муҳим», – дея ёзади у.
Украина миллий полицияси маълумотига кўра, Россия дрони вокзалга тахминан соат 11:00 атрофида учиб келган.


Россия 2026 йилда Украинанинг темирйўл инфратузилмасига ҳужумларни кучайтирди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, йил бошидан буён 1700 та темирйўл объектига зарба берилган. 120 та йўловчи вагони, 304 та локомотив ва 43 та темирйўл станцияси шикастланган.
Бу вақт ичида 50 нафар темирйўлчи хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Ҳужумлар кўпайгани сабабли расмийлар хавфсизлик талабларини кучайтирган. Ҳаво ҳужуми ҳақидаги тревога пайтида йўловчилар поездлардан эвакуация қилинади, баъзида бир рейсда бундай ҳолат бир неча марта кузатилиши мумкин. Шу сабабли сафар вақти сезиларли даражада ортади. Масалан, Днипро-Одесса йўналишидаги кечикишлар 5-12 соатгача етиши мумкин.


















