Ғарбдаги ҳамкорлар Украинани навбатдаги марта Россия Киев бўйлаб баллистик ракеталар билан зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирмади. Бу ҳақда 13 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари ракеталарни фақат пойтахтга яқинлашиб қолганида пайқашган. Сўнгги зарбанинг асосий нишони 4-сонли иссиқлик электр станцияси бўлган – бу Киевдаги асосий энергетика объектларидан биридир.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари спикери Юрий Игнатнинг аниқлик киритишича, Россиянинг 14 октябрга ўтар кечаси уюштирган ҳужуми вақтида ҳамкорлар Украинани дастлабки баллистик ракеталар учирилгани ҳақида хабардор қилмаган, лекин кейинги учта зарба тўлқини олдидан Украина томони тегишли огоҳлантиришларни қабул қилган.

Бир кун олдин ҳам Зеленский Украинага 12 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Киев бўйлаб ракета зарбаси ҳақида разведка маълумотлари етказилмаганини айтиб чиққанди. «Россия баллистик ракеталари учирилгани ҳақидаги разведка маълумотлари одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради ва бу энг муҳим масалалардан биридир. Айнан баллистика ҳақида огоҳлантириш қотилликларнинг олдини олишга ёрдам беради», – дейди у.

Politico нашри маълумотига кўра, АҚШдагилар Украинани 12 октябрга ўтар кечаси об-ҳаво ёмон бўлгани туфайли Киев бўйлаб ракета зарбаси ҳақида огоҳлантира олмаганини билдирган. Шу билан бирга, Украина ҳукуматидагилар «гап бунда эмаслиги»дан хавотирда.

АҚШ президенти Доналд Трамп журналистнинг Вашингтон Киев билан разведка маълумотлари алмашгани қанчалик тўғри экани ҳақидаги саволига жавобан «бундай эмаслиги»ни айтган. Financial Times маълумотига кўра, аввалроқ АҚШ агар Киев Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларни тўхтатмайдиган бўлса, Украина билан разведка маълумотлари алмашинувини тўхтатиши ҳақида огоҳлантирганди.

14 октябр тонгида украин ҳарбийлари SpaceX компанияси Украина қуролли кучлари фронтда фойдаланиб келаётган Starlink сунъий йўлдош алоқаси терминаллари фаолиятини чеклаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Чекловлар Starlink’нинг Starshield деб номланган ҳарбий версиясига таъсир қилмоқда, бу эса сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланадиган дронлар тезлигига таъсир қилади.

Starshield тезроқ ишлайди ва учувчисиз учиш аппаратлари операторлари учун ўта зарур ҳисобланади. Дронларга ўрнатиладиган оддий Starlink соатига 160 километргача тезликда ишлайди, аммо у баъзи вазифаларни бажариш учун етарли эмас, деб тушунтиради «Украинская правда»нинг Украина қуролли кучларидаги суҳбатдоши. Командирлардан бири нашрга ҳавога кўтарилган иккита дрон алоқани «йўқотгани» ва миссияни давом эттира олмаётгани акс этган видеороликни юборган.