БМТнинг 80-сессияси Фаластин борасидаги тарихий бурилиш билан ёдда қоладиган бўлди: Ғарбнинг катта давлатлари Фаластинни тан олиш “паради”ни ўтказди. Франция, Бирлашган Қироллик, Канада, Австралия, Белгия, Португалия ва яна бир қанча давлатлар энди расман нафақат Исроилни, балки Фаластинни ҳам мустақил давлат деб ҳисоблайди.
Бу давлатлар шу пайтга қадар бунинг учун Исроилнинг “розилиги”ни кутарди. Лекин бу сафар Исроилнинг “розилиги”сиз қарор қабул қилишди.
Давлатни тан олиш – орқага қайтмайдиган дипломатик ва ҳуқуқий қадам. Эртага, фикр ўзгариб қолиб, “биз тан олишдан воз кечамиз” дейиш мумкин эмас. Дипломатик алоқаларни узиш мумкин, унда ҳам кескин вазият юз берса. Лекин тан олиш борасидаги позициядан ортга чекиниб бўлмайди.
Британия – Исроилни яратиш ғоясини ўртага ташлаган, амалда унинг асосчиси ҳисобланади. Исроил деган давлат ёки яҳудийларнинг миллий давлати тахминан икки минг йил давомида мавжуд бўлмади. Эрамизнинг 70-80-йилларида Рим империясининг босими ва қувғини сабаб яҳудийлар давлати йўқ бўлиб кетади. 1917 йил 2 ноябрда Британия парламенти депутати, ташқи ишлар вазири Артур Бальфур Фаластинда “еврей халқининг миллий уйи”ни ташкил этиш ғоясини ўртага ташловчи декларацияни эълон қилади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ тузилади ва 1947 йилда Исроил давлати ташкил этилади. Ва бу давлат кейинчалик ядро қуролига эга давлатлардан бирига айланади.
Франция эса – Шарл де Голл бошчилигида Исроилга ядро қуролини қўлга киритишда асосий ёрдам берган давлат. Бугун Исроилнинг ана шу икки муҳим иттифоқчиси унинг раъйига қарамасдан Фаластинни тан олишди.
Шу тариқа, БМТга аъзо 193 та давлат орасида Фаластинни суверен давлат сифатида эътироф этувчилар сони 157 тага ёки 81 фоизга етди.
Фаластинни тан олиш борасида Коллектив Ғарб иккига бўлинди. Энди Фаластинни АҚШдан ташқари фақат Германия, Италия, Япония, Жанубий Корея каби катта давлатлар тан олмай турибди. Лекин тез орада бу рўйхатда фақат АҚШнинг бир ўзи қолади, бошқа катта давлатлар ҳам яқин ойлар ва йиллар давомида Фаластинни тан олишади. Бу – вақт масаласи.
Хўш, Фаластин Ғарбнинг қудратли давлатлари томонидан тан олинишининг оқибатлари қандай бўлади?
Биринчидан, бунгача БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий беш аъзодан учтаси ўта исроилпараст эди ва фақат Россия ҳамда Хитой Фаластинни расман давлат сифатида тан оларди. Энди Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари ичида фақат АҚШ Фаластинни тан олмайди. Хавфсизлик Кенгашида, БМТда, халқаро майдонда Исроилнинг асосий ҳимоячиси фақат Вашингтон бўлиб қолади.







